Мамлакатимизда гўшт ва гўшт маҳсулотларига талаб катта. Бу эса чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, қорамол бош сонини кўпайтириш, гўшт ва сут салмоғини оширишни тақозо этади. Бунда қорамолларнинг насл ва маҳсулдорлик имкониятларини кўпайтиришнинг алоҳида ўрни бор. Айтиш керакки, Навоий вилоятининг Нурота тумани чорвадорлари айни шу мақсад йўлида меҳнат қилишмоқда. Ҳудудда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хусусан гўшт ишлаб чиқариш (тирик вазнда) 14,3, сут 22,6, жун 0,7 минг тоннага, тухум 16,1 миллион, қоракўл тери 43,8 минг донага, асал 23,5, балиқ 268 тоннага етказилган. Жумладан, гўшт ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,2 фоизга, сут 103,1, тухум 108, қоракўл тери 102,4, асалнинг 104,4 фоизга ўсишига эришилганлиги фикримизни исботлайди.
Туманда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан четдан наслли қорамоллар келтириш ва маҳаллий қорамоллар зотини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда қорамолчиликни ривожлантириш дастурига асосан “Шерзод нур томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 800 миллион сўмга банк кредити эвазига Франция давлатидан 66 бош голштен зотидаги сут йўналишидаги лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, "Барот бобо 2022" МЧЖ томонидан 60 бош ва “Голден ФФФ” фермер хўжалиги томонидан 41 бош гўшт йўналишидаги қорамолчилик лойиҳаларини ишга тушириш бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланган бўлиб, амалда “Голден ФФФ” фермер хўжалигининг 450 миллион сўм ўз маблағлари эвазига Қозоғистон давлатидан 41 бош гўшт йўналишидаги наслли қорамоллар келтирилиб парвариш қилинмоқда.
Туманда наслли чорвани талаб даражасида боқиш, бу борадаги қонун ва қоидаларга амал қилиниши қай даражада бўлмоқда? Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Нурота туман бўлими томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида айрим чорвачилик-наслчилик фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларда ана шу саволга жавоб топиш ва йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилди. Ўрганиш ва текширишлар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунига ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаётганлиги аниқланди.
Жумладан, 2020 йилнинг ўтган даврида “Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш соҳаси”да 3 та қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди, 17 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди, 43 нафар шахс норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. 6 та ёзма кўрсатмалар берилди.
- Ўтказилган назорат тадбирлари давомида қоракўлчилик-наслчилик фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятларда бир қанча қонун бузилишлар содир этилгани аниқланди - дейди “Ўзагроинспекция” Нурота туман бўлими катта инспектори Муҳаммад Ҳошимов.- Жумладан, қоракўл-наслчилик билан шуғулланувчи “Нурота қоракўл наслчилик”, “Қизилча қоракўл наслчилик”, “Истиқлол қоракўл наслчилик”, “Ғозғон наслчилик” МЧЖларнинг 17 нафар айрим бош чўпонлари Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддаси талабларини бузиб, МЧЖга тегишли бўлган жавобгарлигидаги наслли майда шохли чорва моллари билан биргаликда ўзининг шахсий бошқа турдаги майда шохли чорва молларни қўшиб боқиб, қонун бузарлик ҳолатларини содир этган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 92-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборилди. Суднинг қонуний қарорларига асосан маъмурий ҳуқуқ бузарликларга нисбатан жарима жазоси тайинланди.Ушбу ҳолат бўйича МЧЖ раҳбарларига қонун бузилиш ҳолатлари, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Шунингдек, назорат тадбирларида сунъий уруғлантириш ҳисоботларини ҳаққоний тўғри юритмаганлик ҳолати бўйича ҳам камчиликлар аниқланган. Ҳолат бўйича йиғилган материалларга қонуний чора қўллаш учун туман прократурасига юборилган.
Айни кунларда Инспекция туман бўлими инспекторлари томонидан чорвадорларга наслли қорамолларни парваришлаш, наслчилик қонун-қоидаларига риоя этиш бўйича зарур тавсия ва кўмак ҳам бериб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси
матбуот хизмати