Ру Ўз O`z En

Об-ҳавонинг кескин совуб кетиши ғалла ривожига салбий таъсир кўрсатди

17 Март 2021 2398

Қиш ойининг сўнгги кунлари ва кўкламнинг дастлабки ойида кузатилган совуқ об-ҳаво ғалла майсаларининг баравж ривожланишига ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Табиийки, бундай мураккаб вазият деҳқондан ғалла парваришига эътиборини ҳар қачонгидан кўра кучайтиришни ҳамда экинни азотли ва минерал ўғитлар билан озиқлантиришни талаб этади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, мана шундай пайтларда ҳар бир ер эгаси биринчи галда февраль ойида ғалланинг ўсиш-ривожланиш даврини аниқлаш мақсадида ғалла майдонларида зудлик билан мониторинг ўтказиши ва ўрганишлар давомида майсанинг тўла тупланганлик даражасини 3-4 барг, 1-2 барг ҳосил қилгани, униб чиқмаган майдонларни ва ниҳолларни ривожланиш босқичларини аниқлаши лозим. Агар ғалла ниҳоллари 3-4 барг, 1–2 барг ёки униб чиқмаган, ер ёрилиш ҳолатлари кузатилса, ушбу майдонларга жамғарилган қуруқ гўнг сочишни ташкил этиши ҳамда бу майдонларда ҳар 2–3 кунда кузатиш ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқдир.

 Бу ойдаги энг муҳим агротехник чора-тадбирлардан яна бири – бу ғалла майдонларидаги ниҳолларни қишловдан чиққанлигини аниқлаб, тўлиқ туплаган майдонларда 1-озиқлантириш бошланади. Ушбу агротехник тадбирларда азотли ўғитнинг ўрни нақадар муҳим эканини ҳисобга оладиган бўлсак, баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг (180–210 кг соф ҳолда) таъсир этувчи модда ҳисобидан 25 фоиз бериш тавсия қилинади (физик ҳолда гектарига кўпи билан 150–160 кг).

Жиззах вилоятида 2021 йилги ҳосили учун 2 минг 687 та фермер хўжаликлари томонидан 93 минг 500 гектар майдонда ғалла парвариш қилинмоқда.

-Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу майдонларни кераклича ва қўшимча озиқлантиришни сифатли ташкил этиш мақсадида кластер корхоналари томонидан жами 192 нафар назоратчилар бириктирилган бўлиб, февраль ойида ҳар гектарига 200 кг.дан азотли ўғитлар билан 1-озиқлантириш тадбирлари амалга оширилди, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори Санжар Мирзакаримов. -Ҳозирги кунда азотли ўғитлар билан ҳар гектарига ўртача 300 кг.дан 2-озиқлантириш ишлари давом этмоқда.

Жорий йилнинг 15 март ҳолатига кўра, мавсум бошидан буён 2 минг 492 нафар фермер хўжаликлари томонидан 21 минг 993 тонна азотли ўғит ҳисобига 87 минг 726 гектар, яъни 94,1 фоиз майдонда озиқлантириш тадбирлари ўтказилди. Бу каби агротехник тадбирлар яқин кунларда ниҳоясига етиб, кейинги юмушларга навбат берилади. 

Ўзагроинспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech