Оҳангарон туман ҳудуди жанубий шарқда Қурама, шимол ва шимолий ғарбда Чатқол тизмалари ортасидаги водийда жойлашган. Бу тоғ тизмалари Қамчиқ довонида бирлашади.
Тоғлардан тушаётган сойлар ён бағирларини ювиб, адир яйловлар ҳосил қилган. Туманда қўйчиликни ривожлантиришга яхши шароит мавжуд.
Ҳозирги кунда, туманда қўйчилик фаолияти билан жами 119 та тадбиркорлик субъектлари томонидан қўйларнинг асосан «Ҳисори», «Меринос», «Эдилбай», «Романов» ва Жайдари зотлари урчитилмоқда.
Туманда қўйчиликда наслчилик фаолияти билан шуғулланаётган хўжаликлар сони 11 тани ташкил этади.
Наслдор қўйчиликни ривожлантириш мақсадида “Агро Эко Инновация” наслчилик фермер хўжалиги томонидан жорий йилда Қирғиз Республикасидан 770 бош ҳамда Россия Федерациясидан 200 бош «Романов» зотли наслли қўйлар келтирилди.
"Романов" зотли қўйлар ўтган асрда деҳқонлар томонидан дағал жунли қўйларни танлаш ва саралаш орқали урчитиш йўли билан яратилган зот бўлиб, энг қадимги ва кенг тарқалган қўй зотларидан ҳисобланади.
Мазкур қўйлар калта думли қўйлар гуруҳига киради. Қўйларнинг жун қоплами тивит ва қилтиқдан ташкил топган. Қўйларнинг баландлиги 70 см, кучли конституцияли ҳамда кучли суяклар ва мушакларга эга. Мазкур зотдаги она қўйлар сермаҳсул ҳисобланиб, улардан бир йилда 5 ва ундан кўп қўзи олиш имконияти мавжуд.
Ёш қўзилар 7 - 8 ойлигида 35 кг, этилган қўйлар 80 - 90 кг, совлиқлари 45 - 50 кг атрофида бўлади. 100 кунлик қўзининг тирик вазни 20 - 22 килограммни ташкил этади. "Романов" зотли қўйлар мавсумга қарамай икки йилда 3 авлод бериши мумкин.
Ушбу зотдаги қўйлар юқори сут маҳсулдорлигига ҳам эга бўлиб, ўртача бир бош қўйдан 100 кун мобайнида 100 - 110 кг-гача сут соғиб олиш мумкин. Сутнинг ёғлилик даражаси 7 - 8%га тенг. "Романов" қўйларига алоҳида парвариш талаб этилмайди.
Қалин тери ва қалин жун туфайли қишнинг совуқ кунларида ҳам ўзларини қулай ҳис қилиш қобилиятига эга. Мазкур зотдаги қўйлар яйлов шароитида доимий равишда очиқ ҳавода сайр қилдириш уларда ҳар хил касалликларнинг, стрессларнинг олдини олишга, наслдорлик сифатларининг яхшиланишига ҳамда жун сифатининг яхшиланишига олиб келади.
«Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Оҳангарон туман бўлими томонидан “Агро Эко Иннавация” наслчилик фермер хўжалигида доимий мониторинг - профилактика тадбирлари ўтказилиб, қўйларнинг насл ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш, қўйлардан юқори сифатли наслдор қўзилар олиш ҳамда қўй жунининг сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида зарурий амалий - услубий тавсиялар бериб борилмоқда.
А.Болтаев, «Ўзагроинспекция»нинг Тошкент вилоят
бошқармаси бош инспектори