1. Ҳукумат қарори билан (352-сон, 04.06.2021 й.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди.
Қарорга кўра, импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар ушбу рўйхатга махсус (ТИФ ТН) кодлари киритилган янги технологик ускуналарга қўлланилади.
Янги технологик ускуналар – “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуналар ҳисобланади.
Рўйхатга 676 турдаги технологик асбоб-ускуналар, жумладан:сутга ишлов бериш ва уни ишлаш ускуналари;
нон маҳсулотлари, макарон, спагетти ёки шунга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ускуналари;
қандолат саноати, какао кукуни ёки шоколад ишлаб чиқариш учун ускуналар;
гўшт ёки паррандани қайта ишлаш учун ускуналар;
калава бўяш машиналари;
автоматик тикув машиналари;
50 кишидан ортиқ, лекин 300 кишидан кўп бўлмаган йўловчи ўриндиқларига эга бўлган фуқаро йўловчи самолётлари киритилди.
2. Аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади
“Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5138-сон, 07.06.2021 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра:
иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳоли (ташаббускор аҳоли) томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади;
қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилинади.
Уй-иссиқхона мажмуалари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилади.
Ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йил 31 декабргача божхона божидан озод қилинади.
Шунингдек, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йил 31 декабргача божхона божидан озод қилинади.
Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.
Қарорга кўра, соҳадаги олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида замонавий иссиқхона хўжалигини ташкил этиш, уларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усулларини ўқитиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик танлови доирасида “Энг илғор иссиқхона хўжалиги” номинацияси жорий этилади.
3. Кўчмас мулк объектларини бир давлат ташкилотидан бошқасига бериш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан (355-сон, 08.06.2021 й.) Республика кўчмас мулк объектларини бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Низомга кўра, республика кўчмас мулк объектлари бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига тегишли кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда (қурилиши тугалланмаган объектлар бундан мустасно), оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз берилади.
Республика кўчмас мулк объект(лар)и – давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи билан тегишли бўлган мулкий комплекс (корхона), бинолар ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объект(лар) ва у(лар)нинг қисм(лар)и ҳисобланади.
Шунингдек, республика кўчмас мулк объект(лар)ини бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
республика кўчмас мулкнинг бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз берилиши тўғрисида Президент ва (ёки) Ҳукуматнинг тегишли топшириғи нусхаси (агар мавжуд бўлса);
манфаатдор давлат ташкилотининг (топширувчи ва қабул қилувчи ташкилот юқори турувчи органларининг) республика
кўчмас мулкни бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисидаги келишилган таклифлари баён этилган мурожаатлари (топширувчи ҳамда қабул қилувчининг юқори турувчи органларининг розилиги).
Мазкур мурожаатларда республика кўчмас мулкни қабул қилувчи томоннинг қабул қилинган объект(лар)дан фойдаланиш мақсадлари аниқ кўрсатилиши шарт;
республика кўчмас мулк объект(лар)ининг кадастр ҳужжатлари нусхалари;
объектларнинг паспорти (ppt форматда) ва фотосуратлари.
4. Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланди
“Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6243-сон, 08.06.2021 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан:
ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинди
Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:
ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
Фармон билан прокуратура органлари ишчи органлигида Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.
Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.
5. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчи қуйидагиларга мажбур:
транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши, авария ишораларини ёқиши ва авария сабабли тўхташ белгисини ўрнатиши, транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги;
шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши, шошилинч ҳолларда эса шикастланганларни яқин орадаги даволаш-профилактика муассасасига йўлакай транспорт воситасида жўнатиши, бунинг имкони бўлмаган ҳолларда ўз транспорт воситасида олиб бориши, у ерда ўз исми-шарифи, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси ҳақида ахборот бериши (ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини ва транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик ҳужжатини кўрсатиши) ва ҳодиса рўй берган жойга қайтиб келиши;
агар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилса қатнов қисмини бўшатиши. Қатнов қисмини бўшатиш ёки шикастланганларни ўз транспорт воситасида даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш зарур бўлганда, йўл-транспорт ҳодисасига дахлдор ҳайдовчилар аввало транспорт воситаси, ҳодисага алоқадор буюмлар ва изларнинг ҳолатини гувоҳлар иштирокида дастлабки қайд этишни амалга ошириш, уларнинг йўқолмаслиги ва ҳодиса рўй берган жойни айланиб ўтишни ташкил қилишнинг барча чораларни кўриши;
ҳодиса ҳақида ИИОга хабар бериши, гувоҳларнинг исм-шарифини ва яшаш манзилини ёзиб олиб, ИИО ходимларининг келишини кутиши.
6. Ҳукумат қарори (362-сон, 10.06.2021 й.) билан Шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Низом 2021 йил 31 декабрга қадар шоли етиштириш учун замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизгача қисмини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
Шунга кўра, субсидиялар фақат талабгор томонидан сотиб олинган кунда ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади.
Талабгор субсидия олиш учун тегишли ҳужжатларни туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлимларига ёзма ва электрон шаклда тақдим қилади.
Туман (Қувасой шаҳри) қишлоқ хўжалиги бўлимлари ҳужжатларни 3 кун ичида ўрганиб чиқади.
Ҳужжатлар талабларга мувофиқ бўлса, 1 иш кунида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборилади ва улар томонидан таҳлил қилинади.
Шундан сўнг таҳлиллар 1 иш кунида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига юборилади.
Жамғарма уларни 3 иш куни ичида ўрганиб чиқиб, натижасига кўра субсидиялар ажратилади.
Талабгор субсидия олиш учун қайта мурожаат қилиши мумкин.
Инспекциянинг хуқуқий таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўлими