Ру Ўз O`z En

ЎТГАН БИР ҲАФТА ДАВОМИДА СОҲАГА ОИД ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ МАЗМУН МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ ХУСУСИДА

27 Июль 2021 2535

1. Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш нима дегани?

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг

33-моддасига кўра Профилактик эмлашлар профилактик эмлашларнинг миллий календарига (тақвим) мувофиқ, шунингдек эпидемик кўрсаткичлар бўйича ўтказилади.

Ҳар бир давлатда юқумли касалликларга қарши эмлашни ташкил этиш тегишли тақвимга (жадвал) асосан амалга оширилади. Мазкур жадвалларда юқумли касалликларга қарши кимлар, қачон ва қайси пайтда эмланиши лозимлиги юзасидан кўрсатмалар акс эттирилади.

Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан юқумли касалликларга қарши эмлашни ташкил этиш юзасидан профилактик эмлашларнинг миллий календари (тақвими) ва Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календари тасдиқланган.

Бугунги кунда профилактик эмлашларнинг миллий календарига (тақвимига) кўра профилактик эмлаш билан чақалоқлар 1-кунлигида ВГВ-1, 2–5 кунлигида БЦЖ-1, 2–4 ойлигида, 12 ойлигида, 16 ойлигида, шунингдек 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган даврда турли хил юқумли касалликларга қарши иммунитет ҳосил қилиш учун эмлашлардан ўтказилади.

Шунингдек, Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календарига кўра 13 та касаллик турлари бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган эпидемиологик хавфнинг олдини олиш мақсадида, эмланиши лозим бўлган контингентлар рўйхати тасдиқланган.

Хусусан, ушбу рўйхатда грипп, шол, қизамиқ ва қизилча, бўғма ва бошқа эпидемиологик касалликларга қарши эмланиши лозим бўлган контингентлар рўйхати белгиланган.

Худди шундай, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб коронавирусга қарши профилактик эмлаш ҳам Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календарига киритилди

2. Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди

“Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6264-сон, 19.07.2021 й.) қабул қилинди.

Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:

Стратегик ривожланиш агентлиги (Агентлик);

Президент раислигида Агентлик Кенгаши;

Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш ҳисобланади. 

Агентлик Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор томонидан бошқарилади.

Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади.

Агентлик даромадлари солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.

Агентлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Агентлик билан келишилиши лозим.

Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Агентликнинг сўровига кўра тегишли маълумотларни, шу жумладан бирламчи статистик маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат беради.

Агентлик ходимларига илгари ишлаган жойида берилган, шу жумладан кўп йиллик меҳнати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устамалар ва қўшимча ҳақлар сақланиб қолади, ҳарбий ва махсус унвонларга эга бўлмаган олий юридик маълумотли ходимлар учун эса ўрнатилган тартибда адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун белгиланган мартаба даражалари берилиши мумкин.

Фармонга кўра шунингдек, инвестициявий фаолликни ошириш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш мақсадида Агентлик ҳузурида Стратегик ташаббуслар акселератори (Акселератор) ташкил этилди.

Агентлик бош директори Акселератор раҳбари ҳисобланади

3. Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясига старт берилди

Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда 23 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди.

23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда йирик сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига старт берилди.

Тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санаси Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови куни, деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.

Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтади.

2021 йилги президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтади. Унда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.

МСК мажлисида сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити ва тенг шароитлар яратилиши таъкидланди. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлат вакиллари, журналистлар, хусусан, хорижий журналистлар кузатиб бориши мумкин.

МСКнинг матбуот маркази ва ҳудудий бўлинмалари журналистлар ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказилишини таъминлайди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov-2021” веб портали ва бошқа ахборот ресурслари юритилишини таъминлайди.

Сайловларда 5та партия – «Адолат» Социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеП), Халқ демократик партияси ва Экологик партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.

Аввалроқ сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга 300 млрд сўм маблағ ажратилгани хабар қилинган эди. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда.

Маълумот учун, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади.

4. Раҳбар ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади

“Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5189-сон, 22.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан Президент олдида шахсан жавобгардир ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.

Қарор билан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади.

Бунда: 

давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;

ҳар йили уларнинг фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

фаолият самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичлари тизимли мониторинг қилинади;

мониторинг натижалари асосида раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якуни бўйича муҳокама қилиб борилади;

баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Қарорга кўра, вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолиятининг кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформа ишга туширилади.

Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг функционал вазифаларига ваколат ва жавобгарлик чегарасини аниқ белгилаш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Инспекциянинг ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўлими

 

Text to speech