Ру Ўз O`z En

Ўтган бир ҳафта мобайнида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида

21 Июнь 2021 2268

Вазирлар Маҳкамаси 09.06.2021 йилдаги “Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 358-сон қарорни қабул қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида" 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарорига мувофиқ утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари турлари ва тоифаларининг рўйхати тасдиқланди.

Низом қуйидагиларни белгилайди:

ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига нисбатан утилизация йиғимларини йиғиш, ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, шунингдек, утилизация йиғимининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш ва уларни ҳисобга олиш тартиби;

транспорт воситаларининг чиқиндилари билан ишлаш инфратузилмасини ташкил этиш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, транспорт воситалари чиқиндиларини йиғиш, ташиш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш, улардан фойдаланиш ва утилизация қилиш харажатларини қоплаш тартиби;

транспорт воситаларининг утилизацияси билан шуғулланадиган ташкилотлар учун экологик ва техник талаблар ҳамда саноат хавфсизлиги талабларини белгилаш;

транспорт воситаларининг утилизация қилиниши муносабати билан уларни ички ишлар органларида тўловлар ундирмай ҳисобдан чиқариш тартиби.

Утилизация йиғимини тўлаш тўғрисидаги маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириш йўли билан тўловчиларга етказилади.

Транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда утилизация йиғими транспорт воситалари учун божхона декларацияси қабул қилинишидан олдин ёки бир вақтнинг ўзида тўланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган

ва 10.06.2021 йилдан кучга кирди.

2. Асосий фаолияти паррандачилик бўлган тадбиркорлар учун айрим солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилади

“Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5146-сон, 14.06.2021 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди.

2025 йил 1 январга қадар:

омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун ажратиладиган 10 миллиард сўмгача кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми;

паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган 10 миллиард сўмгача кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади;

кушхона ва музлаткичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплексни ишга туширган тадбиркорларга лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади.

Қарорга кўра, паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ “МикрокредитбанкАТБга йўналтирилади.

2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлар учун асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлар (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Қарорга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг паррандачилик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.

3. “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди. 

4. Ҳукумат қарори (373-сон, 15.06.2021 й.) билан Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, рейтинг баҳолаш рейтинг кўрсаткичлари ва индикаторлари ёрдамида рақамли ривожланиш ҳолатини баҳолаш орқали ташкилотлар ҳамда ҳудудларни энг юқори натижадан энг паст натижагача сараланган рўйхатдаги ўрнини белгилаш ҳисобланади.

Рейтинг баҳолаш индикаторларини ҳисоблаш ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш лойиҳаларининг амалга оширилишини рейтинг баҳолаш бўйича методикасига мувофиқ NIS.UZ-ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Индикаторларни рейтинг баҳолаш натижаларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси рейтинг бали бўйича:

71 баллдан 100 баллгача бўлган ташкилот – “яшил”;

55 баллдан 71 баллгача бўлган ташкилот – “сариқ”;

55 баллдан паст бўлган ташкилот – “қизил” деб топилади.

Рейтинг баҳолаш якунлари бўйича ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси “яшил” деб топилган ташкилотларнинг ижобий иш тажрибаси бошқа ташкилотлар ўртасида оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилади.

5. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди

Фармонга (https://t.me/huquqiyaxborot/9873) кўра, 2021 йил 1 сентябргача Очиқ маълумотлар портали давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали билан интеграция қилинади.

2021 йил 1 августгача Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий веб-сайтида ва Порталда Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базаси ишга туширилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Агентлик, жумладан:

давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотларни Интернетга жойлаштириш мажбуриятлари ҳисобини юритади;

мурожаатлардан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқаради.

Фармонга кўра, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 декабрдан:

йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади;

қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, Интернет орқали жонли эфирга узатилади:

Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари;

тарафларнинг розилиги билан айрим ҳуқуқбузарликларга ва оилавий низоларга оид фуқаролик суд ишлари. 

6. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади

“Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5148-сон, 16.06.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.

Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди.

Спорт синовлари 15 турдаги машқлардан иборат бўлади.

Иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади.

Спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони таъсис этилади.

Шунингдек, улар ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб 1 йил мобайнида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланади:

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;

махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради;

бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;

махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно);

фарзандлари яшаётган жойдаги мактаб, боғча, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;

барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимларига иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;

республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (ОТМ спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

2021 йил 1 августгача спорт синовларининг платформаси (www.jtdss.uz) ва ягона электрон базаси фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий муносабатлар бўлими

Text to speech