Ру Ўз O`z En

Ўтган ҳафта давомида қабул қилинган соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида

28 Декабрь 2021 1828

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармони (ПФ–35-сон, 20.12.2021 й.) қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 2022 йилда қуйидаги дам олиш кунлари белгиланди:

барча ходимлар учун: 3 январь – душанба, 22 март – сешанба, 23 март – чоршанба, 11 июль – душанба, 2 сентябрь – жума;

6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 4 январь – сешанба, 4 май – чоршанба, 5 май – пайшанба, 12 июль – сешанба, 3 сентябрь – шанба ва 31 декабрь – шанба.

5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қўйидагича кўчирилди:

8 январь – шанба 4 январь – сешанба кунига;

7 май – шанба 4 май – чоршанба кунига;

14 май – шанба 5 май – пайшанба кунига;

16 июль – шанба 12 июль – сешанба кунига.

 

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (765-сон, 21.12.2021 й.) қабул қилинди

Президентнинг 2021 йил 13 июлдаги ПФ–6260-сон Фармонига (https://t.me/huquqiyaxborot/10031) асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ТИФ Миллий банкка 100 млн доллар пул ажратилган.

Қарорга асосан, мазкур маблағлардан 2022-2024 йилларда ёш тадбиркорларнинг янги бизнес лойиҳалари учун кредитлар қуйидаги шартларда ажратилади:

кредит миқдори БҲМнинг 1000 бараваридан 2 минг бараваригача;

муддати – 7 йил, имтиёзли давр – 3 йил;

фоиз ставкаси – Марказий банкнинг асосий ставкасида (ҳозирда 14 %).

Кредитлар ажратиш учун Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси ва банклар томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар рўйхати шакллантирилади.

Ёшлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув амалий курслари, шу жумладан “онлайн” тарзда бепул ташкил этилади.

Мазкур курсларни муваффақиятли тугатган ёшларга сертификат тақдим этилиб, улар томонидан ўз бизнесини ташкил этиш учун юқоридаги шартларда кредитлар ажратилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун ёшлар ТИФ миллий банк филиалларига ариза беради ва унга мувофиқ кредит ажратилади ёки асослантирилган ҳолда рад этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–57-сон, 21.12.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ойда БҲМнинг 1,5 бараварида субсидия берилади. 2022 йил 1 мартдан:

болаликдан ногирон бўлган шахслар ва I ва II гуруҳ ногиронлари даромад солиғи бўйича имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

2024 йил 1 мартгача иш берувчиларга ногиронлар учун тўланган ижтимоий солиқ Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Эндиликда давлат буюртмачилари ногиронлар жамоат бирлашмалари билан уларнинг маҳсулотларини харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин.

Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногирон ёшларга қуйидагилар учун субсидия ажратилади:

ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш;

тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан 2022 йилдан ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногирон ёшлар хорижий ОТМда, онлайн курсларда таълим олиши ташкил этилади.

ДХМда ногиронлиги бўлган шахсларга мос келувчи лавозимларда ишлаши учун қулай шароитлар яратилади

Қарорга (https://t.me/huquqiyaxborot/10918) кўра, 2022 йил 1 мартгача ҳар бир ҳудудда биттадан ДХМда ногиронларнинг уларга мос келувчи лавозимларда (оператор, консультант, инспектор ва бошқалар) ишлаши учун қулай шароитлар яратилади.

2022 йил 1 сентябргача мазкур амалиёт барча ДХМда жорий қилинади.

2022 йил 1 июлдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронларни қўллаб-қувватловчи НТТларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида ижтимоий буюртма маблағлари ажратилади.

2022 йилдан ногиронларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича грант миқдори камида 2 бараварга оширилади.

Ногиронлар ҳаётини яхшилашга қаратилган энг яхши ижтимоий лойиҳаларни рағбатлантириб бориш мақсадида 2022 йилдан қуйидаги номинациялар бўйича республика танловлари ташкил этилади:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан – “Энг яхши ижтимоий лойиҳа”;

Савдо-саноат палатаси томонидан – “Энг яхши тадбиркор”;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан – “Энг яхши талаба”;

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан – “Энг яхши спортчи”;

Маданият вазирлиги томонидан – “Энг яхши китобхон”;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан – “Энг яхши иш берувчи”.

Танлов натижалари ҳар йили “3 декабрь – Xалқаро ногиронлар куни” арафасида эълон қилинади ҳамда ғолибларга БҲМнинг 100 баравари миқдорида пул мукофоти берилади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни тадқиқ қилиш, стратегик режалаштириш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–58-сон, 22.12.2021 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифаларидан бири озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Қарорга кўра, 2022-2023 йилларда боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонлари ташкил қилинади.

Марказ давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган ва якунланган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар ҳамда эришилган натижаларга оид маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб боради.

        

Text to speech