Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан бугунги кунда соҳадаги қонунбузарликларни олдини олиш билан бирга жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари ҳам кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимларида техникаларга кўрсатилаётган хизматларни олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг саккиз ойи давомида вилоят бўйича жами 1456 ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари давлат рўйхатига олиниши таъминланган. Шундан 1115 тасини тракторлар, ўзиюрар техникалар, тиркамалар ва қолган 341 тасини агрегатлар ташкил қилади. Юридик ва жисмоний шахслар ҳисобида бўлган ушбу қишлоқ хўжалиги техникаларини давлат рўйхатига олиш жараёнларида 1171 техникаларга давлат рақамлари белгилари берилган. Мана шу вақт мобайнида 4180 тракторлар, ўзиюрар техникалар, тиркамаларга техник паспортлар ва 1341 агрегатларга техник гувоҳномалар ҳамда 292 нафар фуқарога тракторчи-машинист гувоҳномалари пластик шаклда расмийлаштириб берилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Бундан ташқари, 258 техника рўйхатдан ва яна 33 донаси ҳисобдан чиқарилиб, 820 техникаларга ТМ-1 шаклидаги маълумотномалар берилган ва ўрнатилган тартибда 90 техникага таъқиқ қўйилган.
-“Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур”,-деган ҳикматли ибора бежизга айтилмаган. Ушбу иборани айнан техникаларга ҳам нақадар мос келишини ҳаммамиз яхши биламиз, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси инспектори Акрам Холдоров
-Инспекция тизимида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган ҳолда жами 8496 та техникалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилган. Шундан 5826 донасини тракторлар, ўзиюрар техникалар, тиркамалар ташкил қилса, 2670 қишлоқ хўжалиги машиналаридир. Умуман олиб қараганда, бошқарма ва туман бўлимлари томонидан шу йилнинг сентябрь ойига қадар юридик ва жисмоний шахсларга 1409,0 млн сўмлик давлат хизматлари кўрсатилган.
Ўз навбатида улар техникаларни навбатдаги мажбурий йиллик техник кўрикка тақдим этишлари ҳамда эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳномаларни янги намунадаги пластик шаклдаги техник ҳужжатларга алмаштиришлари учун огоҳлантирилган.
Яна бир гап: Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида 2021 йилнинг саккиз ойида 4375 назорат тадбирлари ўтказилиб, уларда 1205 қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилотларга 3650 огоҳлантириш хатлари, 65 та тақдимнома киритилиб, 795 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Тузилган маъмурий баённомалар бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтК сининг 112, 125 ва 135-моддалари билан 86 млн. 536 минг сўм жарима санкциялари қўлланилди.
Маълумот ўрнида, 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли ҳукумат қарори доирасида 18306 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг электрон базаси шакллантирилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати