Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг навбатдаги брифингида Техникалар ҳолатини назорат қилиш йўналишида жамоатчиликни қизиқтириб келаётган айрим саволларга жавоб бериб кетилди.
1. Савол:Тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун қайси давлат органи ёки ташкилотига мурожаат қилинади?
Жавоб: Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи машинист гувоҳномасини олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
2. Савол: Мен қишлоқ хўжалиги техникасини бошқариш учун тракторчи-машинист гувоҳномасини олмоқчи эдим, бу жараён қандай кечади?
Жавоб: Сиз ўзингиз истиқомат қиладиган тумандаги “Ўзагроинспекция” бўлимига мурожаат қиласиз. Туман бўлимлари фуқарога таракторчи машинист тайёрловчи ўқув муассаларига йўлланма беради. Фуқаро ушбу ўқув муассасини Агроинспекция томонидан тасдиқланган 360 соатлик ўқув дастури бўйича тамомлагандан сўнг, қайта Ўзагроинспекцияга мурожаат қилади. Агроинспекциянинг имтиҳон олиш марказларида ўткизиладиган назарий ва амалий имтиҳон натижаларига кўра, тракторчи-машинст гувоҳномаси берилади.
Бугунги кунда мазкур гувоҳномани олиш учун ўтказиладиган назарий имтиҳонлар инсон омили иштирок этмаган ҳолда онлайн тарзда электрон ўтказилиши йўлга қўйилган бўлиб, фуқаро шу заҳоти имтиҳон натижасини билиш имкониятига эга. Назарий имтиҳондан муваффақиятли ўтган фуқарога амалий имтиҳон топшириш учун рухсат берилади. Амалий имтиҳонда фуқаронинг қишлоқ хўжалиги техникасини бошқариш бўйича билимлари синовдан ўтказилиб, имтиҳон якунига кўра, замонавий шаклдаги пластик кўринишга эга тракторчи-машинст гувоҳномаси берилади.
3. Савол: Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини қайта рўйхатга олиш деганда нима тушунилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарор билан тасдиқланган Низомга асосан техника эгасининг исм шарифи, яшаш манзили ҳамда юридик шахс номи ўзгарганда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари қайта рўйхатга олинади. Ушбу техникалар тўғрисидаги маълумотлар Агроинспекциянинг махсус электрон базасига киритилади. Мазкур дастур асосида фуқарога замонавий шаклдаги пластик кўринишга эга техник паспорт берилади.
4. Савол: Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва “техпаспорт” ларни янгиларига ўзгартириш муддати ҳақида батафсил маълумот берсангиз?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 325-сонли қарорнинг 2 бандига асосан: 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача эски намунадаги барча техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳномаси, уларнинг берилган санасидан қатъий назар, янги намунадаги ID пластик карталарга мажбурий тартибда алмаштирилади;
эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, давлат рақами белгилари, тракторчи-машинист гувоҳномаси 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва “техпаспорт” ларни янгиларига ўзгартириш учун Агроинспекциянинг туман бўлимларига мурожаат қилишингиз мумкин.
5. Савол: Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ўтказмасдан қанча муддатгача фойдаланиш мумкин?
Жавоб: “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ”га кўра, Янги харид қилинган, рўйхатдан чиқарилган техникалар 10 иш куни давомида рўйхатга қўйилиши шарт. Рўйхатга қўйишнинг муддатини бузган юридик ва жисмоний шахслардан қонунчиликда белгиланган тартибда жарима ундирилади.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати