Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жорий йилнинг 7 ойи давомида жами 28,3 млн АҚШ доллар ҳисобига 43,9 минг тонна сабзавот, полиз, картошка, маккажўхори ва мойли экинларнинг юқори авлодли уруғликлари хориждан импорт қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 февралдаги “Уруғчилик тўғрисида”ги 521-сонли Қонунининг 2-боб, 13-моддасида Уруғчиликни ривожлантириш марказига маҳаллий ва хорижий селекция навларининг, шу жумладан биотехнологик навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, уруғлик етиштирувчиларнинг реестрини шакллантириш вазифаси белгилаб берилган.
Ушбу мақсадлар учун Уруғчиликни ривожлантириш маркази ҳузурида 53 та элита уруғчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, уларга 5 минг 116 гектар сувли ер майдонлари бириктириб берилиб, жами ажратилган ер майдонларининг 1 минг 23 гектари ёки 20 фоизида сабзавот, полиз, картошка, маккажўхори ва бошқа озуқа экинларининг юқори авлодли уруғликларини етиштириш, тайёрлаш ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб бериш вазифаси юклатилган.
Бироқ, ўрганиш давомида 2020 йилда Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилиги хўжаликлари томонидан, Республика ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарига сабзавот, полиз, картошка, мойли ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликлари умуман етказиб берилмаганлиги аниқланди.
Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан 2021 йил ҳосилидан жами 803 гектар майдонга шундан, 83 гектар сабзавот, 57 гектар полиз, 530 гектар озуқа экинлари, 19 гектар дуккакли экинлар ва 114 гектар мойли экинлари экилиши режалаштирилиб берилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, 19 гектар сабзавот, 60 гектар озуқа экинлари, 18 гектар мойли экинларнинг уруғлик майдонлари экилмаган.
Мавжуд сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинларнинг экилган уруғлик далаларидаги ҳақиқий ҳолат ўрганилганда, режалаштирилган экинларни экилмаганлиги, экилган майдонларда экиннинг нави ва авлодини тасдиқловчи ҳужжатларнинг йўқлиги ва экилган майдонлар қаровсиз қолдирилганлиги каби кўплаб ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, Жиззах вилояти “Пахтакор туман элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда 1 гектар пиёз, 2 гектар дуккакли ва 3,5 гектар кунгабоқар уруғлик майдонлари экилмаганлиги ва “Ш.Рашидов элита уруғчилик хўжалиги”МЧЖда уруғлик учун экилган экинларнинг нави ва авлодини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмасдан 17 гектар майдондаги сабзавот ва полиз экинлари истеъмол мақсадларида экилган.
Шунингдек, Бухоро вилояти “Ромитан супер элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда 0,5 гектар майдонда экилган сабзавотнинг мувофиқлик сертификати йўқлиги, “Ғиждувон супер элита уруғчилик” МЧЖда режалаштирилган 16 гектар озуқа экинлари, 0,5 гектар полиз, 0,5 гектар сабзавот экинларининг уруғликлари майдонлари экилмаган, “Когон Асл элита уруғчилик” МЧЖда 1 гектар сабзавот уруғлиги майдони бегона ўт босиб кетганлиги сабабли ҳосил етиштирилмаган. Шунингдек экилган сабзавот уруғлик майдонларининг мувофиқлик сертификати ва нав гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Сурхондарё вилоятида “Денов элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда етиштирилган полиз ва озуқа экинлари майдонларидан уруғлик жамғарилмаганлиги ва “Қумқўрғон элита уруғчилик” МЧЖда 10,3 гектар сабзавот, полиз ва дуккакли экин майдонларида агротехник тадбирлар ўтказилмаганлиги натижасида далаларни бегона ўт босиб кетганлиги кузатилди.
Самарқанд вилоятида “Пахтачи элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда 1,5 гектар полиз, 5 гектар озуқа экинларининг ва “Пастдарғом элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда 10 гектар озуқа экинлари экилган майдонларда сертификатланмаган уруғликлар экилганлиги ҳамда “Иштихон элита уруғчилик хўжалиги”МЧЖда экилиши режалаштирилган 19,7 гектар майдонларнинг 16 гектарида сабзавот экинлари умуман экиш ишлари амалга оширилмаган.
Қашқадарё вилоятида “Косон элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда
2020 йил ҳосилидан етиштирилган 860 кг сабзавот уруғлари ва 510 кг озуқа экинлари, “Касби элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖда 280 кг сабзавот, 2 тонна 450 кг озуқа экинлари уруғликлари тайёрланган бўлиб, бугунги кунгача сертификатланмаган ва 1 кг ҳам сотилмаган. Ўзбекистон Республикаси “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунининг 2-боб, 13-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 733-сонли қарори талаблари бузилганлиги учун Уруғчиликни ривожлантириш марказига 1 та тақдимнома, Уруғчиликни ривожлантириш марказининг вилоят бошқармаларига 4 та, туман ҳокимликларига 4 та ва элита уруғчилик хўжаликларига 3 та тақдимномалар, 5 та огоҳлантириш хати, 10 та ёзма кўрсатма ва 1 та ҳолатда прокуратурага ҳамда 7 та материаллар тайёрланиб, судларга белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун юборилди.
З.Исматов, “Ўзагроинспекция”нинг
катта инспектори