Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Инспекция бошлиғининг 2022 йил 20 октябрдаги I-82 буйруғи билан жисмоний ва юридик шахслар ҳамда “Ўзагроинспекция” ўртасида низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши ташкил этилди, таркиби ҳамда Низоми, шунингдек, Кенгашнинг 21 октябрдаги 1-сонли мажлис баёни билан Кенгаш раиси ва ўринбосари аъзолар томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайланиб, тасдиқланди.
Апелляция кенгаши 11 нафар аъзолардан иборат таркибда тузилган.
Апелляция кенгаши:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда “Ўзагроинспекция” ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал қилиш чораларини кўради; мурожаатни кўриб чиқишда қонунчилик ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шархлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради; мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонунчилик ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаларини амалга оширади. Жисмоний ва юридик шахслар низоли масалани Апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун “Ўзагроинспекция”га ёзма (электрон) тарзда мурожаат қилади. “Ўзагроинспекция” бошлиғи (ёки унинг ўринбосари) томонидан мурожаат унинг муаллифини хабардор этган ҳолда у келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига юборади. “Ўзагроинспекция”га келиб тушган такрорий мурожаатларда Апелляция кенгаши ваколатига кирадиган масалалар келтирилган бўлса, “Ўзагроинспекция” бошлиғи мазкур мурожаатни кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига ўз ташаббусига кўра ҳам жўнатиши мумкин. “Ўзагроинспекция”га келиб тушган такрорий мурожаат кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига жўнатилган ҳолларда, бу ҳақда мурожаат этувчига дарҳол ёзма ёки электрон хабар юборилади. Мурожаат Апелляция кенгашига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Юзага келган низоли ҳолатни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари Апелляция кенгашининг раиси томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига дарҳол ёзма ёки электрон хабар юборилади. Мурожаат Апелляция кенгашининг мажлисида кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор хулоса шаклида расмийлаштирилади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.
Апелляция кенгашининг хулосаси тавсиявий тусга эга бўлиб, хулосани қабул қилиб олган “Ўзагроинспекция” бошлиғи ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, “Ўзагроинспекция” бошлиғи ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.
А.Очилов, "Ўзагроинспекция" нинг Ҳуқуқий-таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўлими бошлиғи