Ру Ўз O`z En

"Ўзагроинспекция"да Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар мазмун моҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди

28 Июнь 2022 1618

Бугун, 28 июнь куни "Ўзагроинспекция"да Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Муҳокама -муносабат тарзда ўтган давра суҳбатида Агроинспекция марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларида фаолият юритаётган 1 минг 500 нафардан зиёд ходимлар қатнашдилар.

Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис институти мутахассиси Н. Ортиқов томонидан “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғояcини Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилгани, уни амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантириш зарурати, яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклиги тўғрисидаги қоидаларнинг Конституция лойиҳасидан ўрин олганлиги таъкидлаб ўтилди.

Айни дамда бош Қомусимиз 128 моддани ўз ичига олган бўлиб, лойиҳага мувофиқ, ҳужжатнинг муқаддима қисми ва 64 та моддасига яъни тенг ярмига 200 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар, 6 та янги модда киритилиши назарда тутилмоқда.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало "инсон қадри учун"деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, мазкур ўзгаришлар жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олади.

Жумладан, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларнинг иш ҳақини камайтиришнинг тақиқланиши, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши  айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдам кўрсатишнинг қонунда белгиланган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли эканлиги таъкидланди.

Агроинспекцияда ўтказилган бугунги тадбир оиласи, фарзандлари келажаги ва ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ходим учун айни муддао бўлди, десам янглишмайман. Таклифларни бердик, фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. Чунки, юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири сиз ва бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади - дейди Агроинснпекциянинг Пахта хом-ашёси ва уни қайт ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори - Ш. Мамадалиева.

Жорий йил, 25 июндан бошлаб 10 кун давом этадиган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади.

Унинг натижаларига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси, шунингдек, 1341 қисқа рақами орқали юборишингиз ҳамда Инспекция марказий аппаратига ҳам тақдим этишингиз мумкин.

 Ўзагроинспекция” Ахборот хизмати 

Text to speech