Жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент вилояти Қибрай туманида «Ўзагроинспекция» қошидаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш Марказида янги лаборатория мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Инспекция бошлиғи сўз олиб, озиқ-овқат хавфсизлигида муҳим қадам - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш учун барча шарт-шароитларга эга, замонавий ускуналар билан жиҳозланган лаборатория барпо этилганлиги ва энг малакали мутахассислар билан таъминланганлигини таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, жумладан Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам қатнашиб, рамзий қизил лентани кесди.
Жаҳон банки томонидан ажратилган 4 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига АҚШ, Япония, Германия, Франция ҳамда Хитой каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларда ишлаб чикарилган замонавий ўлчов воситалари ва синов қурилмалари харид килиниб, бугунги кунда Ўрта Осиёда ягона бўлган Республикамизга четдан кириб келадиган уруғ ва кўчатларнинг таркибида ГМО мавжудлиги ва миқдорини ҳамда ҳозирги кунда долзарб ҳисобланган картошка уруғларидаги хавфли яширин вирусли касалликларни ишончли ва тезкор ПЦР усулида аниқлайдиган синов лабораториясини тўлик жиҳозлаш ишлари давом этмоқда.
Пахта йўналишидаги лабораторияда махсус ускуналар орқали республикамизда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг сифатини аниқ ва холисона баҳолаш, толани ҳақиқий таннархини белгиловчи нав ва синфи, шу жумладан, узунлиги, узунлиги бўйича бир хиллиги, пишиқлиги, ранги, ифлослиги, микронейри, калта тола миқдори, эгилувчанлиги каби кўрсаткичларни аниқлаш мумкин.
Бугунги кунда “Пахта маҳсулотларини синовдан ўтказиш” лабораторияси Халқаро пахта ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, “Гдиня Халқаро пахта ассоциацияси”, “Бремен Халқаро пахта уюшмаси” ва АҚШ нинг Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси томонидан ўтказилаётган қиёслов синовларида мунтазам қатнашиб юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Шунингдек, мазкур лабораториянинг дон йўналишида Ўзбекистонда биринчи бор буғдой таркибидаги ёпишқоқлик миқдори ва сифатини замонавий автоматлаштирилган “клейковина ювиш машинаси” ёрдамида аниқлаш йўлга қўйилган. Авваллари бундай синовларни лаборантлар қўллари ёрдамида 18ºдаражали совуқ сувда бажариб келганлар. Замонавий лаборатория эса, нафақат ишларни сифатли ва тез бажарилишини, балки ишчилар меҳнатини ҳам осонлаштирди.
Мухтасар қилиб айтганда, янгитдан қад ростлаган Марказий лаборатория мамлакатимизда уруғчилик тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган, ажратилаётган грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш натижасида келгусида республикамиз деҳқонлари ва фермерларига кафолатланган ҳамда биологик хавфсиз уруғликларнинг етказиб берилишида муҳим манба бўлади.
Пировардида, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти бўлган аҳолимиз дастурхонининг тўкин сочинлиги таъминланади.