Ру Ўз O`z En

Ўзбекистон Республикасига уруғлик чигит импортини амалга оширишда белгиланган талаблар

6 Апрель 2022 2107

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 9-банди “а” кичик бандига мувофиқ, агрокластерлар ва фермер хўжаликларига ғўза ҳамда бошоқли дон экинларининг энг ҳосилдор навларини белгиланган тартибда импорт қилишга, шунингдек, мустақил жойлаштиришга рухсат берилиши кўрсатиб ўтилган.

Мазкур қарор билан берилган имтиёзлар пахта-тўқимачилик кластерларида чет эл селекциясига мансуб ғўза навларини экишга бўлган қизиқишини янада орттиради.

Шу боисдан, “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида уруғликларни олиб чиқиш ва олиб кириш шартлари белгилаб берилган. Унга мувофиқ уруғликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга қуйидаги шартлар асосида йўл қўйилади, агар:

пахта чигити, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилган нав ва дурагай жумласидан бўлса;

уруғликларнинг мувофиқлик сертификати ва фитосанитария сертификати, шунингдек карантин рухсатномаси мавжуд бўлса;

уруғликлар селекция ва тадқиқот ишлари, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган бўлса.

Уруғликларни (бундан пахта чигити, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғликлари мустасно) олиб кириш чоғида аккредитация бўйича халқаро ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган хорижий лабораториялар ўтказган синовларнинг натижалари синов чоғида қўлланилган талаблар Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаган ҳолларда тан олинади.

Илмий мақсадларда ва навни синаш учун олиб кирилаётган ҳамда олиб чиқилаётган уруғликлар учун божхона божи ундирилмайди ва улар квоталанмайди ҳамда лицензияланмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 майдаги 282-сонли қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига маҳаллий ва хорижий мамлакатларда яратилган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари ва дурагайлари синовини амалга ошириш вазифаси юклатилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги эксперт комиссияси томонидан синовдан ўтказилган навлар давлат реестрига киритилиши белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бошоқли дон экинлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмаслиги лозим.

Хулоса ўрнида, хорижий навларни мамлакатимизга келтиришда белгиланган тартибларга кўра, Республиканинг асосий майдонларига экилишидан олдин келтириладиган навлар маҳаллий шароитда синовдан ўтказилиши ва давлат реестрига киритилиши лозим бўлади.

M. Қурбонбоев, ИнспекциянM.инг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи 

Н.Исмаилов - Инспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

Text to speech