Пахта хом-ашёси O’z DSt 615:2018 “Пахта. Техникавий шартлар” давлат стандарти талаблари асосида, сифати ва кондицион вазни бўйича қабул қилинади. Бунинг сабаби пахтага нав ва синфлари бўйича нархлар белгиланган бўлса, кондицион вазнини ҳисоблаганда пахта таркибидаги ифлослиги ҳамда намлигига қараб вазн бўйича устама ва чегирмалар қўлланилади.
Тайёрлов масканларининг лабораториялари томонидан қабул қилинаётган пахтанинг навини унинг ташқи кўриниши ва рангига қараб, синфини эса пахта таркибидаги ифлослиги ва намлигига қараб аниқланади. Аниқланган ифлослик ва намлик ёрдамида шунингдек пахтанинг кондицион вазни ҳам ҳисобланади. Бунда ифлослик ва намликни давлат стандартларида белгиланган меъёрлардан юқори ёки пастлигига қараб вазн бўйича устама ва чегирмалар ҳисобланади.
Пахтанинг юқори синфларга топшириш учун уни тоза ва қуруқ бўлиши жуда муҳим бўлса, пахтанинг навига ҳудуднинг иқлим шароити таъсир кўрсатади. Биринчи навли ўрта толали пахтанинг пишиб етилганлик коэффициенти 1,8 дан юқори, ранги оқ, доғлардан холи бўлиши керак. Қуёш ва ёмғир, шудринг ва намгарчилик таъсирида чаноқлардаги пахтада сариқ, қўнғир доғлар ҳосил бўлади, ранги хиралашади, шу билан бирга ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида пахтада етарли целлюлоза тўпланмайди, пахтанинг пишиб етилганлик коэффициенти пасаяди. Бу пахтани паст навларга баҳоланишига олиб келади.
Пахтани қабул қилиш даврида табиийки, тайёрлов масканлари ва топширувчилар ўртасида пахтанинг нави, синфи, вазн бўйича ҳисобланган устама ва чегирмалар бўйича низоли ҳолатлар вужудга келади.
Бундай низоли ҳолатларни адолатли кўриб чиқиш тарафлар манфаатини ҳимоя қилувчи ва холис ташкилотлар иштирокида арбитраж гуруҳлари ташкил этилган. Арбитраж гуруҳлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “Жорий йилги пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги 153-сонли йиғилиш баёни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 03-/1-140-сонли топшириғи асосида ташкил этилган бўлиб, мазкур гуруҳлар таркибига “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассисларини жалб қилган.
Жорий йилнинг 18-октябрига қадар Арбитраж гуруҳлари томонидан сентябрь ва октябрь ойларида жами 788 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, бу ўтган йилги мавсумда кўриб чиқилган мурожаатлардан 22,5 фоизга кўпдир. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 574 таси, яъни 72,8 фоизи фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилган бўлса, 27,2 фоизи тайёрлов корхонаси фойдасига ҳал этилган.
Жумладан, 112 та фермерлар фойдасига ҳал этилган низоларни кўриб чиқиш натижасида 100 та ҳолатда Биринчи нав “Яхши” синфдан “Олий” синфга, 5 та ҳолатда Биринчи нав “Ўрта” синфидан “Яхши” синфга, 1 та Иккинчи навда ҳолатда “Олий” синфдан Биринчи нав “Яхши” синфга, 5 та ҳолатда Иккинчи нав “Яхши” синфдан “Олий” синфига, 1 та ҳолатда Иккинчи нав “Ўрта” синфдан “Яхши “ синфга, юқори нав ва синфларга ўтказилган.
Арбитраж гуруҳларига келиб тушган мурожаатлар сони Наманган вилоятида 164 та, Сирдарёда 107 та, Тошкент вилоятида 110 та, Хоразмда 75 та, Андижон вилоятида 64 та, Навоийда 44 та мурожаат келиб тушган бўлса, Жиззах ва Самарқанд вилоятиларида 39 тадан, Фарғонада 38 та, Қорақолпоғистон Республикасида 32 та, Бухорода 28 та, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 24 тани ташкил қилган.
Арбитраж гуруҳлари томонидан низоли ҳолатларни тезкор кўриб чиқиш ва адолатли ҳал қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф ва кондицион вазнлардаги фарқ нотўғри белгиланганда ёки асоссиз чегирмалар қўлланилганда Инспекция Марказий аппаратида ташкил этилган +9971-202-12-32 рақамли “Ишонч телефон”ига мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Б.Ибодов, “Ўзагроинспекция” Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи