Пахта хом-ашёсини қабул қилишда низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш учун ташкил этилган Арбитраж гуруҳлари томонидан сентябрь ва октябрь ойининг шу давригача жами 592 та мурожаат кўриб чиқилган. Жумладан жорий йилнинг 3-октябрь куни Республика бўйича 13 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, унинг 12 таси фермер хўжаликлари фойдасига, 1 таси эса тайёрлов маскани фойдасига ҳал этилган.
Жумладан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Элназар Эшназар диёри” фермер хўжалигининг мурожаати асосида пахтадан намуналар олиниб, қайта таҳлиллар ўтказилган. Пахтанинг ифлослиги дастлабки ўтказилган лаборатория таҳлилига кўра 5,1 фоиз деб ҳисобланган бўлса, қайта таҳлил натижалари бўйича 2,7 фоиз эканлиги маълум бўлди.
Худди шундай Жиззах вилоятининг Мирзачўл ва Пахтакор туманлари фермер хўжаликларининг мурожаатига кўра Арбитраж гуруҳлари назорати остида синовлари ўтказилганда пахтанинг ифлослик кўрсаткичи бўйича, Зарбдор туманида эса пахтанинг ҳам намлик ва ҳам ифлослик бўйича қайта синов ва дастлабки синов натижалари орасида фарқлар рухсат этилган меъёрдан юқори эканлиги аниқланган ҳамда низолар фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилган.
Аксинча, жорий йилнинг 3-октябрь куни Жиззах вилоятининг “Мамат ота” фермер хўжалигининг мурожаатига кўра қайта синовлар ўтказилганда "Sangzor Textile" МЧЖ корхона қоши тайёрлов маскани лабораторияси пахтанинг ифлослигини дастлабки синовларда 0,6 фоизга фермер хўжалиги фойдасига аниқлангани маълум бўлди.
Арбитраж гуруҳлари фаолияти натижаларини таҳлили аксарият мурожаатлар фермер хўжаликлари фойдасига ҳал этилаётганини кўрсатмоқда. Арбитраж гуруҳларига келиб тушган жами 592 та мурожаатнинг 436 таси ёки 73,6 фоизи фермер хўжаликлар фойдасига, 156 таси ёки 26,4 фоизи тайёрлов корхонаси фойдасига ҳал этилган. Арбитраж гуруҳларига Наманган вилоятида 153 та, Сирдарё вилоятида 101 та, Тошкент вилоятида 86 та, Андижон вилоятида 52 та, Навоийда 34 та мурожаат келиб тушган бўлса, Бухорода 12 та, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида 15 та, Қорақолпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда мурожаатлар сони 21-28 тани ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Арбитраж гуруҳлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “Жорий йилги пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги 153-сонли йиғилиш баёни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 сентябрдаги 03-/1-140-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида тузилган бўлиб, мазкур гуруҳлар таркибига “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассисларини жалб қилган
Низоли ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қилиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида ҳар бир вилоят ва туманларда “Ишонч телефонлари” ташкил этилган ҳамда фермер хўжаликлари ва пахта қабул қилиш масканларига етказилган.
Шунингдек пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф ва кондицион вазнлардаги фарқ нотўғри белгиланганда ёки асоссиз чегирмалар қўлланилганда фермер хўжаликлари Инспекция Марказий аппаратида ташкил этилган +9971-202-12-32 рақамли “Ишонч телефон”ига мурожаат этишлари мумкин.
“Ўзагроинспекция”нинг Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан
олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими