“Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва қонуности норматив-ҳужжатлар билан Инспекцияга қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғликларини тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича норматив талабларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқилиши устидан назорат қилиш белгиланган.
Бу борада амалга оширилган ишлар билан жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари иштирокида Бухоро вилоятида 2022 йил ҳосилидан тайёрланган уруғлик пахталарни қайта ишлаш, туксизлантириш ва дорилаш жараёнлари юзасидан семинар ва пресс-тур ташкил этилди.
Жорий йил ҳосили учун Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 4780 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3373 тонна туксизлантириш ҳамда 3785 тонна дорилаш талаб этилади.
Бугунги кунда, пахта тўқимачилик кластерларидан жамғарилган уруғлик пахта хом ашёсини ғарамларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар бўйича сақланишини таъминлаш талаб этилади.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарори 5-иловаси билан, тасдиқланган “Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бўйича Инспекция томонидан назорат тадбирлари йўлга қўйилган.
Жумладан, пахта тўқимачилик корхоналари масъул ходимлари томонидан уруғлик пахта ғарамларининг сақланиши ва ташқи кўринишининг кузатиб борилиши, ғарам ҳароратининг ҳар беш кунда бир марта ўлчаниши ва махсус дафтарда қайд этиб борилиши ҳамда уруғлик пахта хомашёси ғарамидаги ҳароратига қараб, ҳаво сўриш чораларининг кўриб борилаётганлиги назорат қилиб борилмоқда.
Уруғликларни белгиланган тартибда сақланиши ва қайта ишланиши натижасида фермер хўжаликларини юқори сифатли уруғлик чигит билан таъминланиши, пировард натижада эса пахтадан юқори ҳосил олинишига замин яратилади.
Бунинг учун, корхона масъул ходимларига инспекция томонидан, биринчи навбатда тушунтиришлар, амалий тавсиялар ва тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда.
Уруғлик чигит тайёрлаш режасига биноан “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 3639 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 2395 тонна туксизлантириш ва 2661 тонна уруғлик чигит дорилаш белгиланган.
Шунингдек, “Бухоро уруғчилик” МЧЖ томонидан 840 тонна тозалаш-саралаш, 680 тонна туксизлантириш ва 680 тонна уруғлик чигит дорилаш режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги 5 та элита уруғчилик хўжаликлари томонидан 301 тонна чигитни тозалаш-саралаш ва 229 тонна чигитни туксизлантириш ва дорилаш режалаштирилган.
“Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ қарашли уруғлик цехи бир суткада 40-45 тонна уруғни туксизлантириш қувватига эга бўлиб, ушбу цехда 65 нафардан зиёд ишчи фаолият юритади.
Мазкур цехда уруғлик чигитлар туксизлантириш ва дорилаш ишлари механик усулда амалга оширилади. Бугунги кунда уруғлик чигитларни дорилаш учун давлат реестрига киритилган П-4, Спораген, Фитовак ва Скарлет препаратларидан фойдаланиб келинмоқда.
Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун Инспекция қошидаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш марказининг вилоят филиали 4 нафар малакали мутахассислардан иборат лаборатория ходимлари томонидан мунтазам равишда намуналар олиниб, таҳлиллар амалга ошириб келинмоқда.
Ўтказилган семинар пресс-тур давомида уруғлик тайёрловчи субъектларга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16-декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш ва навдорлигини баҳолаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 712-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларнинг мазмун моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Албатта, уруғлар белгиланган стандарт талабларига асосан тайёрланса фермер хўжаликлари сифатли уруғлик билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.
Н. Исмаилов - Агроинспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи
Б. Баҳронов - Агроинспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори