Аҳоли саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6094-сонли Фармонининг 7-банди билан чигит харид қилиш учун гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларидан ташқари техник чигитини қайта ишлаш учун тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари)га ҳам эга бўлиш шартлиги белгиланди.
Мазкур Фармон билан корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда уларнинг маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга эканлиги устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, тадбиркорлик фаолияти субъектларида ўтказилаётган назорат тадбирлари “хавфни таҳлил қилиш” тизими натижалари асосида амалга оширилмоқда.
Хусусан, "Ўзагроинспекция" Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи билан Урганч туманида жойлашган "ANUSHTEGEN IMPEX" МЧЖ да Инспекциянинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан назорат тадбири ўтказилди.
Корхонада техник чигитдан олинган маҳсулотларни тозалаш жараёнида экстракция тизими мавжуд бўлмагани сабабли техник чигитни қайта ишлашга номувофиқ деб топилган ва 2020 йилнинг 27 декабрь куни далолатнома имзоланган.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан корхонага экстракциялаш ускуналарини ўрнатган ҳолда тўлиқ технологик циклда иш ташкил этиб, фаолият олиб бориш, экстракциялаш жараёнида ишлаб чиқарилаётган мой маҳсулотига мувофиқлик сертификати олиш бўйича 2021 йил 8 январда ёзма равишда кўрсатма берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-март ойларида Қорақалпоғистон Республикаси “Амударё” пахта тозалаш корхонасидан 149 тонна, Сурхондарё вилояти “Музрабод” пахта тозалаш корхонасидан 1058 тонна жами кондицион вазни 1207 тонна пахта техник чигитини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинган.
Корхонада текшириш ўтказилганда қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
- корхонадаги 4 та преслаш ускуналари кўздан кечирилганда пресс ускуналари техник чигит қолдиқларидан тўлиб турганлиги;
- 4 та преслаш ускунасида кунжара қолдиқлари борлиги ва ташқарига лента орқали кунжара маҳсулотлари чиқарилиб, уйим ҳолатда ва қопланган ҳолатда сақланаётганлиги;
- Собиқ Иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган олдин фойдаланишда бўлган сиғими 2 тонналик “Рафинация” қозонида ёғ маҳсулотлари тўлиб турганлиги;
- “Нейтрализация қозони” сиғими 2 тонналик қозони хам ёғ маҳсулотларига тўлиб турганлиги;
- филтирланган ёғ-мой маҳсулотлари қадоқлаш цехидаги қозони ярим тўлган ҳолатда ёғ маҳсулоти борлиги;
- очиқ майдонда тахминан 400 тоннага яқин техник чигит маҳсулотлари сақланиб турганлиги ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ўтказилган назорат тадбирида тўпланган ҳужжатлар қонунийлиги бўйича кўриб чиқиш учун ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилоят бошқармасига юборилди. Тегишли ҳужжатлар асосида “ANUSHTEGEN IMPEX” МЧЖга жиноий иш қўзғатилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси Ахборот хизмати