Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўлла-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарори асосида кластер корхоналари ва наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига четдан келтириладиган наслли қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия (имтиёз) берилиши қорамоллар наслини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Пахтачига туманига 2021 йилнинг ўтган даври давомида 64 бош наслли қорамоллар келтирилди. Туманда 36 та чорвачилик йўналишидаги ва 2 та наслчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 2 минг 20 бош қорамоллар, қўйчилик йўналишидаги 34 та фермер хўжаликлари томонидан 9 минг 858 қўйлар парваришланмоқда.
Чорвачиликда наслчилик ишини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар самараси ўлароқ аҳолини сифатли ва арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш сезиларли равишда ошди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг 9 ойи давомида 10 тонна 769 килограмм гўшт, 44 тонна 635 килограмм сут ишлаб чиқарилган бўлса жорий йилнинг мос даврига кўра 11 тонна 396 килограмм гўшт, 46 тонна 967 килограмм сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Туманнинг Шамси Назаров шогирдлари ММТП ҳудудидаги “Бобоқул лаққа ҳавзаси” наслчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги томонидан 2021 йил январь ойида Қозоғистон давлатидан 265 та зотли она қўйлар олиб келинган бўлиб, ҳозирда улар 384 бошни ташкил қилмоқда.
Ш.Қаҳҳоров ММТП ҳудудидаги “Ўткир чорва инвест” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Германия давлатидан 33 бош наслли “Голштейн” зотли ғунажинлар олиб келинган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг сони 134 бошга етказилди.
Фермер хўжалигида 75 бош сигирларнинг хар биридан 30 - 35 литр сут соғилиб кунига 3 тоннага яқин сут маҳсулоти қайта ишланмоқда.
Туманнинг А.Аллаёров ММТП ҳудудидаги “Беҳрузжон ривожи” хусусий корхонаси 2021 йил фаолият бошлаган бўлсада қисқа муддат ичида аҳолини арзон ва сифатли парҳезбоп маҳсулотлари билан таъминламоқда. Корхона томонидан 10 минг 500 дона сифатли товуқ гўшти ички бозорга етказиб берилди.
Агроинспекциянинг Пахтачи туман бўлими томонидан чорвачиликда наслчилик ишини янада такомиллаштириш юзасидан 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида 61 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 15 та қонунбузилиши ҳолатлари ниқланди. Уларнинг барчасига тегишли равишда ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди,- дейди Агроинспекциянинг Пахтачи туман бўлими катта инспектори Хуршида Ражабова.
“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилояти ахборот хизмати