Республикада 2022 йилда 1 млн. 34 минг гектардан ошиқроқ майдонга чигит қадалган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 738 минг гектар ёки 75 фоиз майдонларда 75-100 фоиз ғўза ниҳоллари униб чиққан ҳамда 395 минг гектар ёки 38 фоиз майдонларда биринчи ишлов бериш ишлари ўтказилган.
Қатор ораларига ишлов бериш ғўза илдизларининг яхши ривожланишига шароитлар яратиши билан бирга уларни мумкин қадар кам жароҳатлаши лозим. Илдизлар жароҳатланганда 8-10 кундан кейингина кесилган жой ёки унинг юқорироқ қисмидан янги илдизчалар ўсиб чиқади ҳамда илдизнинг аввалги фаолияти тикланади. Аммо бу даврда ғўзанинг асосий қуввати шу жароҳатни бартараф этишга сарф бўлади ва бу айниқса, ғўзанинг ҳосил тўплаш жараёнида катта асорат қолдиради.
Ялпи шоналаш даврига қадар (апрель-майдан июнь ойининг яримигача) жуда секин ўсиш ва ривожланиш ғўзанинг биологик хусусияти ҳисобланади. Айнан шу даврда ноқулай об-ҳаво шароитлари – совуқ тушиши, кучли ёмғир қуйиши ғўза ниҳолларининг мужмал бўлиб, илдиз чириш касаллигига чалинишига, зараркунандалар томонидан зарарланишига ҳамда бегона ўтларнинг кўпайишига олиб келади. Мана шу даврда экинларга ишлов беришга ўта жиддий эътибор қаратиш лозим. Биринчи ишлов беришни кечиктириш ҳосилга катта зарар келтиради ҳамда бу зарарни кейинги ишлов беришлар билан қоплаб бўлмайди.
Кучли қаталоқ пайдо бўлган ерларни тезликда юмшатиш, тупроқдаги ортиқча намликни камайтириш лозим. Агар тупроқда намлик юқори ва ҳарорат паст бўлиб қолса, ғўза нимжон ва касалликка чалинувчан бўлиб ўсади, бу эса кейинчалик ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади.
Тупроқда намлик кўп бўлганда илдиз чириш касаллигининг хуружи ҳам кучаяди, ёш ниҳолларнинг илдиз бўғзи қорайиб барглари қовжираб, ниҳоллар қуриб қолади. Шу сабабли ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва ер етилиши билан культивация ўтказилади, бунда тупроқ намлиги камаяди, ортиқча намлик кўтарилади, ўсимлик илдизи чуқур ривожланади, касаллик қўзғатувчи патогенлар зарари камаяди.
Ушбу ойда шира, трипс, ўргимчаккана, кузги тунлам каби зараркунандаларнинг ҳуружи ортади. Шу сабабли жойларда ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари ва дала назоратчиларининг ишини тизимли равишда ташкил этиш, далаларга феромон тутқичлар ўрнатиш ва хар бир далани доимий кузатувга олиш, фойдали ҳашоротларни далаларга тарқатиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.
Мўл ҳосил етиштираётган деҳқонлар азалдан ғўзанинг биринчи парваришини – чопиқ ва культивацияни чигит униб чиқа бошлаган пайтдан бошлаб ниҳоллар қийғос кўкарган вақтда тамомлайдилар, тупроқни ҳамиша юмшоқ ва бегона ўтлардан тоза ҳолда тутадилар. Бу тадбир ёш ниҳолларнинг ривожланишини тезлаштиради.
Жорий йилда ҳам пахтадан ЭРТАЧИ – сифатли ва мўл-ҳосил етиштириш учун ишлов беришни ўз вақтида ва маромида ўтказиш, замонавий фан-техника ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларни кенг қўллаш муҳим.
Бу борада ғўза қатор ораларига ишлов беришни эрта бошлаш катта аҳамиятга эга. Кўп йиллик тажрибалар бу тадбирнинг кечиктирилиши ҳосилни 15-20 фоизгача камайтириб юборишини кўрсатади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзагроинспекция томонидан ғўза қатор орасига биринчи ишлов бериш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мақсадида ҳар бир культиваторлар иши қатъий назоратга олинган.
Жумладан, жорий йил 26 апрель ҳолатига республикадаги мавжуд 19754 дона культиваторлардан 15387 донаси ёки 78 фоизи агротехник тадбирларда иштирок этган.
Шунингдек, ҳар бир культиватор ишчи органларининг тўлиқлиги, ишлов бериш кенглиги ва чуқурлиги бўйича тўғри ростланганлиги далада ишлаш жараёнида доимий назорат қилиб борилмоқда.
"Ўзагроиспекция"нинг Техника ҳолатини назорат қилиш бошқармаси