Ру Ўз O`z En

Такрорий экинларни экиш ишлари айрим ҳудудларда суст ташкил этилмоқда

23 Июль 2024 1224

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва иш билан таъминлаш, экспорт ҳажмларини ошириш, бозордаги нарх-наво барқарорлиги сақлаш ҳамда деҳқонлар даромадини янада ошириш мақсадида жойларда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим ва сув таъминоти инобатга олиниб ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга ҳудудлардан олган таклифларга асосан 2024 йил ҳосили учун 923,6 минг гектарга экинлар экилиши белгиланган.

Шундан, 284,8 минг гектар дуккакли, 227,1 минг гектар озуқа экинлар, 110,4 минг гектар сабзавот, 101,2 минг гектар шоли, 55,6 минг гектар тариқ, 52,9 минг гектар картошка, 47 минг гектар полиз, 38 минг гектар мойли экинлар ва 6,2 минг гектарга супурги экиш режалаштирилган.

Экинларни ўз муддатида экиш учун талаб этиладиган уруғлик, моддий-ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилиниб, жойларда экиш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Жумладан:

-36 минг дан ортиқ  фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ўз эҳтиёжи учун 452,7 минг гектар;

-406,4 минг та фермер хўжалиги аъзолари учун 311,1 минг гектар;

-500,3 минг нафар Дафтарларда рўйхатда турган эҳтиёжманд аҳоли учун 159,7 минг гектарга такрорий экин экишга ер ажратилиши белгиланди.

Такрорий экинларни ўз вақтида ва сифатли экилиши бўйича ҳудудлардан олинган маълумотлар таҳлил қилинганда такрорий экинларни экиш бўйича амалга оширилаётган ишлар айрим ҳудудларда суст ташкил этилаётганини кўрсатмоқда.

Жорий йил 22 июль ҳолатига Республика бўйича жами 1 млн. 12 минг гектар (100%) ғалла майдонлари сомондан тозаланган бўлиб, 901,9 минг гектар (92%) такрорий экинлар экилган.

Ушбу кўрсаткичлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида Қорақалпоғистон Республикасида 4 фоиз, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 5 фоиз ва Қашқадарёда 7 фоиз майдонларда такрорий экинлар экилмасдан турганлиги аниқланди.

Такрорий экин экиш ишлари бўйича камчиликлар юзасидан юқорида белгиланган ҳолатлар бўйича 131 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома ва 190 ёзма кўрсатмалар киритилиши таъминланган

 

"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech