Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 27 январь куни ўтказилган видеоселекторда ёшлар бандлигини таъминлаш борасида берган топшириқлари ижросини бажариш мақсадида, 5 февраль куни Наманган вилоятининг Поп тумани 1-сектор ҳудудида “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ҳар бир ёш учун 25 сотихдан ер ажратилиб берилди.
Ҳудудда ажратилган дастлабки ер майдони 19 гектарни ташкил қилиб, 76 нафар ёшларни бандлиги таъминланди. Бу ҳудуд ёшларининг 64,9 фоизини ташкил қилади.
Таъкидлаш жоиз, Бугунги кунда туманда истиқомат қилаётган ёшлардан 3 минг 760 нафари ишсиз ёшларни ташкил этади. Бандлиги таъминланмаган ёшларни дехқончилик қилишлари учун ер майдонлари ажратиш бўйича хисоб-китоб қилинди. Жумладан, 1290 гектар пахта экиладиган майдонлардан, 139 гектар, боғдорчилик-узумчилик майдонларидан, 162 гектар сабзавотчилик-полизчилик майдонларидан, 309 гектар чорвачилик майдонларидан бўлиб жами туман бўйича 1900 гектар экин ер майдонлари ажратиб берилади. Ушбу ажратиладиган ер майдонлари ҳисобига ўртача 25 сотихдан берилганда 7 минг 600 нафар ёшларни иш билан бандлиги таъминланади.
Аҳамиятли жиҳати, қишлоқ хўжалигида ёш талабгорларга ажратиладиган ерлардан самарали фойдаланиш, экспортбоп ва сердаромад экинларни етиштириш бўйича тушунтириш ишларини олиб боирш уларнинг ишларини доимий мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ва туман ишчи гуруҳлари тузилди. Ушбу ишчи гуруҳи томонидан қисқа фурсат ичида қишлоқ хўжалигида фаолият юритиш истаги бўлган ёшларга ер майдонларини ажратиш, ерлардан самарали фойдаланиш имкониятига эга, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида аниқ рўйхати шакллантирилмоқда.
Ўзига хос тажриба сифатида ёшларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида ажратиладиган экин майдонларини аҳоли яшайдиган қишлоқ ҳудудларига яқин жойдан танланяпти:
ёшларга қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ерларидан ижарага бериладиган контурларни аниқлаш;
контурларга жойлаштирилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларида маҳсулот етиштириш;
ёшлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни ўриб-йиғиб олишга кўмаклашиш каби вазифалар ижросини таъминлаш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлимларига ҳар бир ёшларга ажратиб берилган экин майдонларидан мақсадли фойдаланиш ва экинларни парваришлаш жараёнларини, шу жумладан экин ерларида олиб борилаётган агротехник тадбирлар ва экинларнинг ҳолатини мунтазам равишда кузатиб бориш ҳамда уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.
Илҳомжон Мусаев, “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилояти бошқармаси Ахборот хизмати