Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштириш уруғликка боғлиқ. Сифатли уруғлик етказиб бериш замирида уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсатгичларини назорат қилиш соҳа ходимларидан жиддий масъулиятни талаб қилади.
2023-йил ҳосилидан Тошкент вилоятида жамғарилган уруғлик пахта хом-ашёсини қайта ишлаш натижасида 2 минг 943 тонна уруғлик чигитни тозалаш ҳамда 2 минг 60 тоннасини туксизлантириб дорилаш белгилаб олинган.
Шунингдек, Давлат реестри рўйхатидан ўтган, вилоятга экиш учун тавсия этилган ғўза навларидан 194 тонна элита, 1 минг 296 тонна биринчи ва 570 тонна иккинчи авлодли уруғлик чигитини тайёрлаш режалаштирилган.
Вилоятда экилиши белгиланган уруғлик чигитлар туксизлантирилган ҳолда тайёрланиши ҳамда нав тозалиги супер элита ва элита авлодли уруғлик чигитда 100%, биринчи авлодда 99%, иккинчи авлодда 98%, учинчи авлодда эса 96% дан кам бўлмаслиги, шунингдек, унувчанлик, ифлослик, намлик, механик шикастланганлик ва қолдиқ тола каби сифат кўрсаткичлари давлат стандарти меъёрларига мос бўлиши талаб этилади.
Қабул қилинган уруғлик пахта хом-ашёси ғарамларда камида икки ой тиним даврида сифатли сақланиб, пахта хом-ашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг, қайта ишлашга бериш ва ишлаб чиқаришдан олинган уруғлик чигитни уруғлик тайёрлашга ихтисослашган корхоналарга ташиш, дорилаш, сақлаш ва фермер хўжаликларга етказиб берилишини ташкил этиш босқичма-босқич амалга оширилди.
Шу боисдан уруғлик чигит тайёрлаш учун мавжуд пахта кластерларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДМ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳудудий бўлимлари билан биргаликда уруғлик пахтани тозалаш ҳамда мавжуд иккита уруғлик чигит дорилаш цехларининг ишлаши кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Айниқса, Республика бўйлаб об-ҳавонинг кескин совиб кетиши уруғлик чигит тайёрлаш цехларининг омборхоналарида иситиш чораларининг кўрилганлиги, дорилаш жараёнларида намликнинг белгиланган меъёрида бўлиши ҳамда уруғлик чигитнинг унувчанлигини йўқотмаслик юзасидан барча зарурий чоралар кўрилиши эътибордан четда қолдирилмади.
-Ҳозирги кунда вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғлик тайёрлаш цехларида жами 2 минг 762 тонна уруғлик пахта тозаланиб, сараланиб, 1 минг 222 тоннаси туксизлантирилиб, дорилаш ишлари амалга оширилди. “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлим мутахассислари томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижасида вилоятда сифатли уруғлик чигит тайёрланишига эришилмоқда. Бу эса келгусида фермер хўжаликлари томонидан пахтадан мўл ҳосил олинишида муҳим аҳамият касб этади- дейди "Ўзагроинспекция" Тошкент вилоят бошқармаси шўба бошлиғи Ш. Усубалийев.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати