Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Марказий аппарати ва Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 2 июнь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоятда чорвачилик йўналишида 1 минг 599 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан бири Тошкент туманидаги “Иззат” чорвачилик насилчилик фермер хўжалиги бўлиб, дастлаб журналистлар, корхонанинг Чорвачилик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва бу соҳа назорати юзасидан ўтказилаётган тадбирлар юзасидан маълумот олдилар.
Тошкент туманидаги “Иззат” чорвачилик насилчилик фермер хўжалигига 2019-йилда Голландиядан 132 бош қорамоллар олиб келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда Хўжаликда жами 375 бош йирик шохли қорамол парваришланмоқда ва бир кунда бир бош сигирдан ўртача 22-25 литргача сут соғиб олинмоқда. Мазкур хўжаликка тегишли озуқа экинларини етиштириш учун 85 гектар суғориладиган ер майдонлари мавжуд.
Хусусан, Агроинспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бош инспектори А.Болтаев Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилишга доир қонунчилик ижроси ва чорвачилик учун ажратилган субсидиялар натижаси тўғрисида маълумот берди.
Тошкент вилоятида чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган жами 1 минг 599 та хўжаликдан, 705 таси қорамолчиликка ихтисослашган бўлиб, мазкур хўжаликларда 89 минг 387 бош қорамоллар парваришланмоқда. Бугунги кунда, вилоят бўйича жами 195 та наслчилик мақомига эга субъектлар фаолият юритиб келмоқда. Шундан, 149 та қорамолчилик йўналишларидаги наслчилик хўжаликлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
“Иззат” фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш корхонасида ҳам ишлар қонунчилик нормалари талабига кўра ташкил қилинган бўлиб, журналистлар бу ерда корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхонада бир кунда 2 тонна сут қайта ишланиб, 20 турдаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Пресс-турнинг иккинчи қисмида Оммавий ахборот воситалари вакиллари Паркент туманида жойлашган “Shedevr biznes oil” МЧЖ ёғ-мой корхонасида бўлишди.
Корхона пахта техник чигитини Республика Биржа савдолари орқали харид қилиб, аҳоли истеъмоли учун сифатли ва хавфсиз ёғ-мой маҳсулотлари ҳамда чорва озуқаси ҳисобланган пахта шелухаси, пахта шроти озуқасини ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни Биржа савдоларида қатнашиб сотишга мўлжалланган. Корхона кунига 30 тонна пахта техник чигитни қайта ишлаш қувватига эга техникалар билан жиҳозланган. Шу кунгача ишлаб чиқарилган пахта мойи, озуқабоп шрот ва шелуха маҳсулотлари Ҳукумат қарорлари ва Фармонлари талабларига биноан уларни фақат биржа савдолари орқали реализация қилинмоқда.
Пресс-тур якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда "Ўзагроинспекция" матбуот хизмати раҳбари Х. Шадиева ва Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқарма бошлиғи в.в.б У.Нурбековлар инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўрнатилган назорат тадбирлари юзасидан тадбир иштирокчиларига ахборот берди.
Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги устидан доимий назорат йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунгача, вилоятда фаолият тури ёғ-мой ишлаб чиқариш билан боғлиқ мулкчилик шаклидан қатъий назар рўйхатдан ўтган 56 та корхоналарда ўтказилган назорат тадбирлари текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида хабардор қилиш тартибида ва тадбиркорларнинг мурожаатига асосан ўтказилиб, дастлабки текширув натижасига кўра, ПФ-6094-сонли Фармонда белгиланган талаб 18 ёғ-мой корхонасида таъминланган ва 38 тасида таъминланмагани аниқланди.
Шунингдек, "Ўзагроинспекция"нинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан 2022 йилда 1 минг 500 донадан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникалари рўйҳатга олиниб, трактор ва бошқа ўзиюрар техникаларга 1100 донага яқин давлат рақам белгиси, 1 минг 900 донадан ортиқ техник паспорт, қишлоқ хўжалиги машина ва агрегатларига 700 донага яқин техник гувоҳнома берилган ҳамда 6 минг 600 донадан ортиқ техникалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилди.
Ҳозирда Тошкент вилоятида жами 27 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ўтказган бўлиб, шундан 600 га яқинини чорвачилик йўналишида фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликларига тегишлидир.
Тадбир сўнггида мутахассислар журналистлар қизиқтирган саволларга жавоб бердилар
“Ўзагроинспекция” Ахборот хизмати