Маълумки, сўнгги йилларида аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қарор ва фармонлар бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада истиқболли лойиҳалар, илғор технологиялар амалиётга жорий этилиб, илм фан ютуқлари, илмий тадқиқотларга таянилган ҳолда маҳсулот етиштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигига эришилмоқда.
Қашқадарё вилоятида ташкил этилган “Уруғлик ғалла майдонларида дала апробацияси кўригини ўтказиш” бўйича ўқув амалий семинарида айнан ғаллачилик истиқболлари билан боғлиқ жиҳатлар доирасида атрофлича фикрлашилди.
Семинарда “Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бошқармаси ходимлари ва соҳага алоқадор идора ва ташкилот масъуллари, уруғчилик йўналишида фаолият олиб борадиган мутахассислар иштирок этишди.
Семинар иштирокчилари дастлаб, Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институтида бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилигининг келгуси йиллардаги асосий йўналишлари бўйича амалга оширилаётган жараёнлар билан танишдилар. Тадқиқотчи олимлар олдида турган долзарб вазифалар соҳа истиқболини белгилашдаги муҳим жиҳатлар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадқиқот институтининг тажриба майдонларида синовдан ўтказилаётган хорижий ва маҳаллий навлар, бирламчи уруғчилик тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 2022 йил ҳосилидан жамғариладиган уруғлик доннинг нав ва авлодлари миқдори, бирламчи уруғлик дон етиштиришда амалга оширилаётган ишлар ҳамда ғалла майдонларини апробация кўригидан ўтказиш тартиблари тўғрисида маълумотлар берилди.
Эътиборли жиҳати, бу ерда суғориладиган майдонлар учун кузги юмшоқ буғдойнинг 2816 та қаттиқ буғдойнинг 2529та, баҳорги юмшоқ буғдойнинг 1580 та, арпанинг 160 та нав тизма ва дурагайлари экилиб ўрганилмоқда Ҳозиргача дон ва дуккакли экинларнинг 43та навлари яратилди.
- Ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалик уруғчилигига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, -дейди “Ўзагроинспекция” Дон экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Ҳайитов. - Жумладан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори уруғчилик соҳасини самарали тартибга тартибга солиш имкониятини яратди. Шунингдек сифатли ва рақаботбардош уруғлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уруғчиликда қўшилган қиймат занжирини шакллантириш соҳани рақамлаштириш, илм- фан таьлим ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция қилиш ва кооперация муносабатларини ривожлантириш ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Қашқадарё вилоятида 2022 йил ҳосили учун 140 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришланмоқда. Сара уруғ жамғариш мақсадида 387 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 10 минг гектар майдонда уруғлик ғалла парваришланаётган бўлиб, 35 минг тонна сара уруғлик дон жамғариш режалаштирилган. Шунингдек, 2023 йил ҳосили учун “Бунёдкор”, “Ғазғон”, “Яксарт”, “Ҳисорак”, “Антонина”, “Алексеевич” каби бир қатор истиқболли навларни маҳаллийлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Бу шубҳасиз, ғалладан мўл ҳосил етиштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини яхшилаш имконини беради.
Семинарда Республикада юқори авлодли уруғлик жамғариш бўйича 2021 йил якунлари ва келгуси йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари уруғчилиги истиқболлари чуқур таҳлил қилинди. Уруғлик ғалла майдонларида апробацияларни сифатли ўтказиш, ғалла майдонларини бегона нав аралашмаларидан тозалаш, жойларда сифатли уруғлик тизимини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Албатта ушбу ўқув амалий семинар ғаллачилик тармоғини ривожлантириш, юқори ҳосилдорликка эришиш, сифатли сара уруғ дон жамғариш ва соҳага инновацион технологияларини жорий этиш ва унинг истиқболини белгилашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
С. ИСМОИЛОВА, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилояти бошқармаси матбуот котиби.