Ру Ўз O`z En

Қашқадарё: Уруғлик чигитлар экишга тайёрланмоқда

31 Январь 2022 1650

Халқимизда “Сара уруғ – мўл ҳосил гарови” деган нақл бор. Тажрибали, миришкор-пахтакорлар таъбири билан айтганда, пахтадан мўл ҳосил олишда аввало, ерга қадаладиган уруғлик чигитнинг сифати муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, айни кунларда мамлакатимизда уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қашқадарёлик деҳқонлар томонидан 2021 йилда 15 минг 376 тонна сифатли уруғлик пахта ҳосили етиштирилди. 2022 йилда 135 минг 900 гектар майдонга ғўзанинг иқлим шароитига мос, эртапишар Бухора-6, Наманган 77, Бухора- 8, Порлоқ-4 ҳамда Бухора-102 навлари экилиши мўлжалланмоқда.

Айни кунларда 2022 йил пахта ҳосили учун асосий уруғлик фондини ҳисобга олган ҳолда 6 минг 500 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва қишлоқ хўжалик экинлари касаллик ва зараркунандаларига қарши дорилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур муҳим тадбирлар Қарши туманидаги “Бешкент агро кластер”, Косон туманидаги “Бунёдкор”, Қамаши туманидаги “Оқсарой текстил” МЧЖларининг уруғлик чигитни тайёрлаш цехлари томонидан амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қамаши туманидаги МЧЖга қарашли уруғлик чигит тайёрлаш цехида ҳам ҳосилдорликнинг муҳим омилларидан бири бўлган ушбу тадбирни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча зарурий чоралар кўрилган. Цехга хориждан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилгани уруғлик чигит сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ошишида муҳим омил бўлмоқда. Уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар заҳираси яратилган.

- Қамаши туманида 2022 йил ҳосили учун 9 минг гектар майдонга уруғлик чигит экилиши режалаштирилган, - дейди Ўзагроинспекция”нинг Қамаши туман бўлими катта инспектори Искандар Тиловов. - Бугунги кунда “Оқсарой текстил” МЧЖ кластерига қарашли уруғлик тайёрлаш цехида жорий йил ҳосили учун экилиши режалаштирилган уруғлик чигитларни дорилаш ишлари олиб бориляпти. Бир кунда 40 тонна тукли, 25 тонна туксиз уруғ сараланаяпти. Айни жараёнларни доимий мониторинг қилиб боряпмиз. Масъул мутасаддиларга қонунбузилишларга йўл қўймаслик юзасидан профилактик тушунтиришлар ҳамда кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди. Ҳазиргача 800 тонна чигит тайёрланди.

Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида, ғўзани касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни дорилашнинг аҳамияти ва уни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Албатта, белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши жорий йилда вилоят миришкорлари томонидан пахтадан юқори ҳосил олинишига замин яратади.

С. Исмоилова, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош инспектори

 

Text to speech