Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 150 га яқин корхона давлат рўйхатидан ўтган. Уларнинг асосий қисми хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилгани ҳам қувонарли ҳол. Бироқ, масаланинг яна бир томони борки, ўсимлик ёғи доимий истеъмол қилинадиган маҳсулот бўлгани боис, унинг ҳавфсизлик ва сифат кўрсаткичлари талабларига мувофиқлиги аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса пахта мойи учун асосий хом-ашё бўлган пахта техник чигити таркибида табиий заҳар-“госсипол” моддаси борлиги, уни белгиланган технологик жараёнларда қайта ишлашни тақозо этади.
Хўш, пахта мойи ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарнинг ҳаммаси ҳам маҳсулот сифати белгиланган талабларга мувофиқ бўлишига эътибор қаратяптими? Барчасида маҳсулот сифати бирдек кафолатланганми?
Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
Хусусан, айни пайтга қадар вилоят ҳудудидаги ёғ-мой корхонасида инспекция ваколати доирасида назорат тадбирлари амалга оширилди ва бир қатор корхоналарда турли кўринишдаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун, шаҳрисабз туманидаги “Боқий қуёш”, “Шомухамад Содиқ”, Китоб туманидаги “Халилов Расул” ва Қарши шаҳридаги “Амин соф барака бизнес” оилавий корхоналарида ваколатли вакилни хабардор қилиш тартибида ўтказилган назорат тадбирларида корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари) мавжуд эмаслиги аён бўлди. Бундан кўринадики, ишлаб чиқариш жараёни белгиланган талаблар асосида эмас, демак маҳсулотнинг сифатига ҳам кафолат бўлмайди. Шунга қарамай, ушбу корхоналар ханузгача фаолият кўрсатиб келмоқда, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот эса ички бозорда сотилмоқда.
Қолаверса, “Боқий қуёш” ҳамда “Халилов Расул” оилавий корхоналарининг омборида ноқонуний тарзда техник чигит сақланаётганлиги аниқланиб, бу ҳақда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармасига маълумот киритилди.
Шунингдек, шаҳрисабз шаҳрисабз туманидаги “Шомухаммад Содиқ” оилавий корхонаси ҳам тўлиқ технологик цикл билан таъминланмаганига қарамай, жорий йилнинг январь - февраль ойларида Сурхондарё вилоятидаги “Музробод” пахта тозалаш корхонасидан 55 тонна, Тошкент вилоятидаги “Алимкент” пахта тозалаш корхонасидан 226 тонна пахта чигитини харид қилган.
Текшириш жараёнида мазкур корхона омборида 25 тонна техник чигит, 3,5 тонна қайта ишлашдан олинган пахта ёғи ва 15 тонна кунжара маҳсулоти мавжуд эканлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ваколат доирасида ҳуқуқий баҳо беришлик учун вилоят прокуратурасига юборилди.
Умумий ҳисобда, аниқланган камчиликлари юзасидан прокуратура органларига 5 та, маъмурий судларга 2 та материал киритилди. Шунингдек камчиликлар аниқланган корхоналарга уларни бартараф этиш ҳамда техник чигитдан фойдаланиш талабларига риоя этмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.
Ойбек ҲАКИМОВ, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси пахта хом ашёси , дон, уруғлар ва ларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори