Ру Ўз O`z En

ҚАШҚАДАРЁДА 9 МИНГДАН ОШИҚ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАЛАРИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАН

10 Декабрь 2020 2522

Маълумки, қишлоқ хўжалиги техникаларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш ва мавсумга тайёргарлиги бўйича назоратни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вазифаларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда, бу борада Инспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида ўтган ҳисобот даврида бошқарма томонидан вилоятда жами 9 минг 44 дона қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиқ рўйхатдан ўтказилди. Жумладан трактор ва ўзиюрар машиналар 4814 та, 2410 та тиркамалар ҳамда қишлоқ хўжалиги машиналари ва агрегатлари ни ташкил этади. Ўтган давр мобайнида 6968 та давлат рақамлари, 7805 та техник паспорт, 1998 та техник гувоҳнома, 2132 та тракторист-машинист гувоҳномаси берилган.

Техникаси мавжуд бўлган юридик ва жисмоний шахсларга жами 3 млрд. 467 миллион сўмлик давлат хизматлари кўрсатилиб, 14 минг 848 дона трактор, қишлоқ хўжалиги машина механизмлари, йўл қурилиш ва мелиоратив техникалар мажбурий йиллик техник кўрикдан ўтказилган.

Техникалардан фойдаланишда ҳуқуқбузарликка йўл қўйган 114 нафар фуқарога нисбатан тегишли маъмурий баённомалар тузилиб, белгиланган тартибда жарималар ундирилди.

Мисол учун, Муборак тумани “Сариқ” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Б. Хушвақтовга тегишли Т-28Х4МС русумли трактор, шу тумандаги "Чорвадор" МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро В. Яхшибоевга тегишли Т-40 русумли трактор, шунингдек "Пахтакор" МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро И. Каттабобоевларга тегишли тракторларни техник ҳолати текширилганда, Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 112-моддаси талабларини бузганлиги аниқланиб баённома тузилган.

Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини рўйхатдан ўтказиш билан бир қаторда, уларни техник назоратдан ўтказиш, мавсумга тайёрлаш ишларини сифатли амалга ошириш борасида ҳам белгиланган тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Н. НАВРЎЗОВ,“Ўзагроинспекция” нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси

 

 

Text to speech