Ру Ўз O`z En

Қиш – бекорчилик фасли эмас, айни вақтда шўр ювиш тадбирларига киришилган

9 Декабрь 2020 2685

Қиш келиши билан далалардаги асосий ишлар якунланиб, йил бўйи қилинган меҳнат самараси ўлароқ бунёд этилган ҳосил омборларга жойланган бўлсада деҳқонлар ҳозирданоқ келгуси мавсум учун тайёргарликни бошлаб юбордилар. Шу кунларда жойларда муҳим агротехник тадбирлардан бири – шўр ювиш ишлари давом этмоқда.

Маълумки, республикамизда суғориладиган ерлардан олинадиган маҳсулотлар умумий қишлоқ хўжалигидан олинадиган маҳсулотларнинг 95% ни ташкил этади. Шу сабаб, суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш уларни унумдорлигини ошириб бориш, ҳар бир гектар ердан кафолатланган юқори сифатли арзон маҳсулот олиш муҳим муаммо бўлиб қолмоқда. Уни ҳал қилишда мелиорация ишларининг аҳамияти жуда катта. Чунки суғориладиган ерларнинг 55-60% шўрланган ва ботқоқланган, 50% эрозияланган, 10-12% гипсли, карбонатли тупроқлардан иборат. Шу билан бирга суғориладиган ерлар таркибида жуда унумсиз қум ва қумлоқ, тошлоқ, шағал тупроқлар ҳам кенг тарқалган. Юқорида кўрсатиб ўтилган ерлардан унумли фойдаланиш учун мелиорация тадбирлари зарурий омил ҳисобланади.   

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар шўрланган ерларнинг шўри ўз вақтида ювилмаса, ўртача шўрланган ерларда ҳосилнинг 20-30 фоизи, кучли шўрланган ерларда 30-60 фоизи йўқотилади. Бундай майдонларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини (шўр ювиш, зовур, коллектор-дренажлар ишлаши) яхшиламай туриб, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўлжалдаги ҳосилни етиштириб бўлмайди.
Наманган вилоятининг Поп туманида 22,5 минг гектардан ортиқ майдонда ғалла ва пахта етиштирилади. Жорий йилда 7 минг 736 гектар майдоннинг шўрини ювиш режалаштирилган. Ҳозирда бу майдонларнинг 6 минг 961 гектари ёки 90 фоизида пол олиш ишлари якунланган бўлса, қарийб 5 минг гектар ерда шўр ювиш ишлари бажарилди. Айни кунларда ҳам бу муҳим агротехник тадбир белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.

"Ўзагроинспекция" Наманган вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

         

Text to speech