Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот олишнинг асосий негизи уруғчиликка боғлиқ, сифатли уруғлар рақобатбардош маҳсулот етиштиришнинг асосий негизи бўлиб, стратегик жиҳатдан мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ва халқ хўжалигининг самарали ривожланишини таъминлайди.
Хусусан уруғчилик бозорини шакллантириш шароитида уруғлик майдонларда агротехник тадбирларни ўтказиш, уруғларни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш ҳамда уларнинг навдорлик ва экинбоплик сифатларини назорат қилиш катта ўрин эгаллайди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига катта эътибор берилиб келинмоқда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан 2019 йил 16 февралда ЎРҚ-521-сонли янги таҳрирда “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунини қабул қилиниши орқали мазкур соҳада кўпгина қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солинди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 641-сон Қарори қабул қилиниб уруғчилик соҳасида кўпгина механизмалар белгилаб берилди.
Қарор билан:
Оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг навларига устама ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Уруғлик учун экилган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинларини апробация қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Уруғлик донни қабул қилиш, тайёрлаш, дорилаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-иловага мувофиқ;
Уруғлик пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, уруғлик чигит тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқланди;
Мазкур Низомларга кўра,
– уруғлик пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш бўйича танлов эълон қилиш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларидан танловда иштирок этиш ва талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, танлов ўтказиш ҳамда уруғлик пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш ҳуқуқини тақдим этиш тартиби;
– уруғлик учун етиштирилган бошоқли дон экинлари навларига устама ҳақ тўлаш, уруғлик бошоқли дон етиштириш миқдорини аниқлаш, уруғлик бошоқли дон етиштириш учун шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
– уруғлик майдонларидаги қишлоқ хўжалиги экинларининг нав тозалигини, зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўт билан зарарланганлигини аниқлаш, уруғлик етиштириш учун яроқли деб топилган майдонларда етиштириладиган ҳосил ҳажмини аниқлаш ва апробация далолатномаларини расмийлаштириш тартиби;
– уруғлик донни қабул қилиш, уни белгиланган стандарт талаблари асосида тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш, уруғлик донни омборларда сақлаш ва сифатини назорат қилиш ҳамда экиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига етказиб бериш тартиби;
– уруғлик пахта хом ашёси ва уруғлик чигитни стандарт талаблари асосида қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ва сифатини назорат қилиш ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига экиш учун етказиб бериш тартиби тасдиқланди.
Мазкур қарор билан тасдиқланган низомларга асосан Инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, уруғчилик хўжаликларини аниқлаш, уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат қилиш механизми белгилаб берилди.
Юқорида таъкидланган Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомлар ижросини таъминлаш мақсадида, Инспекция раҳбари томонидан Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини назорат қилиш соҳасида фаолиятни янада тартибга солиш ҳақида буйруғи ҳамда 2021 ― 2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб мазкур соҳада назорат ўрнатилмоқда.
Шохруҳ Хайитов, Дон экинлар уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлим бошлиғи