Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштирувчи хўжалик субъектларининг уруғчиликдаги фаолиятини рақамлаштириш бошланди.
Хусусан, Инспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими ва унинг вертикал тизимидаги инспекторлари томонидан жойларда фаолият юритаётган сабзавот, полиз ва картошка ҳамда мевали дарахт ҳамда ток кўчатлари етиштирувчи субъектларнинг аниқ юридик манзили, субъект қайси экин тури уруғликларига етиштиришга ихтисослашганлиги ва қайси норматив ҳужжатга асосан иш юритиши ва ҳужжатнинг электрон нусхаси, уруғлик етиштирилаётган майдоннинг контур рақами, харитада кўриниши ва улар томонидан етиштириладиган уруғликлар тўғрисидаги маълумотлар реестрини юритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда, уруғчиликка ихтисослашган хўжалик субъектлари мева-сабзавот ва боғдорчилик фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарнинг сабзавот, полиз, картошка, мевали дарахт ҳамда ток кўчатларининг турлари авлодлари кўрсатилган, сертификатланган сифатли юқори авлодли уруғларга бўлган талабдан келиб чиқиб, уруғлик етиштириш, тайёрланган уруғликларни реализация қилиш ишларида ахборотни етарли эмаслиги натижасида уруғлик ва кўчатлар реализация қилинмасдан қолмоқда.
Мазкур электрон база, тўлиқ ишга тушганидан сўнг республиканинг исталган ҳудудидаги, исталган хўжалик юритувчи субъектда қанча миқдорда сабзавот, полиз ва картошка экинларининг турлари авлодлари бўйича уруғликлар етиштирилиши ҳамда бугунги кунда қанча миқдорда юқори авлодли маҳаллий сара уруғликлар мавжуд эканлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин. Шунингдек, мазкур уруғлик ёки кўчатларни етиштирган хўжалик субъекти раҳбарининг телефон рақами ва турар манзилини аниқлаш учун 1-2 дақиқа етарли бўлади.
Х.Махмудов, Агроинспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими бошлиғи
З.Исматов, Агроинспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими бош инспектори