Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларнинг жорий йил учинчи чоракда бажарилиши ҳолати юзасидан ахборот тингланди.
Эшитувда соҳада бозор механизмларини кенг жорий, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш, тармоқ статистикасининг шаффоф механизмини яратиш, кластерлар ва фермерлар ўртасида ўзаро муносабатларни такомиллаштириш, халқаро бозорларда тан олинган сифат ва мувофиқлик стандартларини жорий этиш, экспорт бозорлари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш, экинлар навларини синаш, Давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва шўрланиш даражасини мониторинг қилиш, кадастр тизимини такомиллаштириш, таълим ва илмий-тадқиқот, экспортга кўмаклашиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага тўғридан тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Ахборотда қайд этилганидек, мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз вақтида олиб борилган тадбирлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ижобий таъсир кўрсатди.
Жумладан, Стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”, “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари имзоланди ва жойларда ижроси ўз вақтида бажарилмоқда.
Жумладан, Стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони, 9 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинган.
Хусусан, пахта хом-ашёси ва ғалла етиштиришда бозор механизмларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ҳамда геоботаникага оид тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек озиқ-овқат тармоғини ривожлантиришга доир қатор вазифалар бажарилган.
Суғориладиган майдонларда ўртача гектаридан 57 центнердан ортиқ, лалми майдонларда эса ўртача гектаридан 11 центнер ҳосил олиниб, жами 6,4 млн тонна дон етиштирилган, шунингдек 2021 йил ҳосили учун 272 минг тоннадан ортиқ сара уруғлик жамғарилган ва давлат эҳтиёжлари учун 3,5 млн тоннага яқин дон экспорт қилинган.
Жорий йилда республика аҳолисини арзон ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, республикада барча тоифа хўжаликларида 22,6 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган.
Ушбу маҳсулотларни сифатли етиштириш ва экспорт қилиш мақсадида 2020 йил фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 700 минг гектарга яқин асосий майдонларга сабзавот, полиз, картошка, дуккакли, мойли, техник ва озуқа экинлари экилган.
Шу билан бирга интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилиб, соҳани қўллаб-қувватлаш учун жорий йилнинг 9 ойида жами 82,8 млрд сўм миқдорда субсидия ажратилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг заҳирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар билан бирга, соҳада бажарилиши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Эшитув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг ўзаро ҳамкорликда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди ва таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги