Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича субсидия ажратилади

16 Декабрь 2020 3622

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан, 2021 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ҳамда ерни лазерли ускуна ёрдамида текислаган ҳолда дискретли суғориш усулини жорий қилиш суръатини беш баробарга ошириш, яъни 2021 йилда 230 минг гектар майдонда жорий қилиш ҳамда суғориладиган 200 минг гектар майдонларни лазерли ускуна ёрдамида текислаш орқали жорий қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Хусусан, 2021 йил якунига қадар республика бўйича камида:

160 минг гектар пахта, 30 минг гектар мевали экинлар, 15 минг гектар узум ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;

14 минг гектар донли экинлар, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш;

600 гектар пахта етиштириладиган майдонларда дискретли суғориш;

200 минг гектар, шундан 43 минг гектар шоли етиштириладиган майдонларда лазерли ускуна ёрдамида текислаш орқали ташкил этилади.

Шунингдек, 2021 йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби белгиланди.

Унга кўра,

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар;

сувни тежайдиган технологияларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар;

маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазер ускунали автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Ўз навбатида, субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялар камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилади.

Бунда, субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялар камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилиши ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат берилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4087-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги роли ва масъулиятини кескин ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция”нинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари бошлиқлари- сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар таркибида доимий фаолият олиб бормоқда.

 

"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими

 

 

 

Text to speech