Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сувлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлмоқда

6 Апрель 2022 1360

Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра,  Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат қилиш соҳасида 460 та назорат тадбирлари ўтказилган. Мазкур тадбирлар  давомида 260 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, шундан 69 та сув хўжалиги ташкилотида, 16 та сув истеъмолчилари уюшмаси, 135 та фермер ва кластер хўжаликлари ҳамда 40 та ҳолат фуқаро ва бошқалар билан боғлиқ эканлиги аён бўлган.

Инспекция томонидан ушбу ҳолатлар бўйича 26 та маъмурий жарима жами 19 млн. 170 минг сўм ва 64 та ҳолатда 534 млн. 474 минг сўм жарима санкциялари қўлланилган, 54 та ҳолат бўйича туман Жиноят ишлари бўйича судларга ва 1 та қонунбузилиши ҳолати прокуратура органига юборилиши таъминланган.  

Бундан ташқари, 203 та огоҳлантириш, 175 ёзма кўрсатмалар ва 4 та тақдимномалар тегишли ташкилот раҳбарларига киритилган.

Жумладан,  Элликқалъа туманидаги “Тангриберган бобо” фермер хўжалиги томонидан “Қазақ аша” каналидан ўзбошимчалик билан сув олиш нуқтасидан 13200 м3 сувни истеъмол қилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 1 млн. 69 минг 200 сўм жарима санкцияси ҳисобланган.

Амударё туманидаги “Амирхон Ратха” фермер хўжалиги томонидан сув олиш жойларини жиҳозламаган ва сувнинг олди-берди журнали юритилмаганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик туғрисидаги Кодексининг тегишли моддаларига асосан, ҳужжатлар расмийлаштирилиб туман Жиноят ишлари бўйича судга юборилган.

Худди шунингдек, Хўжайли туманидаги “Ақтилек” фермер хўжалиги томонидан шўр ювиш даврида 4,2 гектар майдонига сув олиш учун талабнома бермасдан 10525 м3 сувни ўзбошимчалик билан олганлиги аниқланиб ва ҳолат юзасидан 852 минг 525 сўм жарима санкцияси қўлланилган.

Шуманой туманидаги “Илхам Бахтияр” фермер хўжалиги томонидан махсус рухсатномасиз 4,6 гектар майдонига ўзбошимчалик билан 6900 м3 сувни олганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 745 минг 200 сўм жарима санкцияси қўлланилган.

Қўнғирот туманидаги “Жанабай Жапар” фермер хўжалиги томонидан 71,4 гектар майдонда шўр ювиш ишлари ҳамда 15,4 гектар ғалла майдонларини суғоришда жами 125 580 м3 сувни ўзбошимчалик билан сув истеъмол қилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 10 млн. 171 минг. 980 сўм жарима санкцияси қўлланилган.

Қораўзак туманидаги “Жугинис” фермер хўжалиги томонидан шўр ювиш даврида 13,8 гектар майдонига сув олиш учун талабнома бермасдан 13800 м3 сувни ўзбошимчалик билан олганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан 1 млн. 117 минг. 800 сўм жарима санкцияси қўлланилган.

Қонликўл туманидаги Бўстон ОФЙ фуқароси Б.Даулетов томонидан “Суенли” ирригация тармоғи бошқармасига қарашли бўлган “Қиятжарған” туманлараро каналининг ПК-4 даги сувни муҳофаза қилиш зонасига қонунга зид равишда молхона солганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан энг кам иш ҳақининг 3 баробари, яъни 810 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Тўрткўл туманидаги “Исоқ бобо” фермер хўжалиги томонидан Тўрткўл туман ирригация бўлимига тегишли бўлган “Рашидов-арна” каналининг ПК-8 даги сув олиш нуқтасидаги жойлашган гидротехник иншоотининг сувни очиб-ёпиш мосламасини ноқонуний равишда кесиб олган ва “Эшон боболар” каналининг ПК-5 дан ўзбошимчалик билан труба қўйиб, кесиб олинган мосламани ўрнатилгани аниқланган ва ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан, ҳужжатлар расмийлаштирилиб туман Жиноят ишлари бўйича судга юборилиши таъминланган.

Агроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси

Text to speech