Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланмаганларга нисбатан 94 миллион сўмдан ортиқ жарималар белгиланди

21 Декабрь 2020 2481

Айни мураккаб вазиятда мамлакатда аҳолининг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, қолаверса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ердан унумли фойдаланиш ва унинг талон-торож қилинишини олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Шуни эътиборга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилган ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Маълум бўлишича, жойларда қонунбузилиши ва ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш ҳолатлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги Низомнинг 12-банди “е” бандига асосан Агроинспекция томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланишни назорат қилиш борасида давлат бошқарув органларида 7 та, фермер хўжаликларида 2 та, жисмоний шахсларда 155 та ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида 177 та жами 341 та ҳолатда текшириш ва мониторинг назорат тадбирлари ўтказилган.

Ушбу ўтакзилган назорат тадбирларида жами 3663,0 гектар қишлоқ ҳўжалигига мўжалланган ерлар ўрганилиб, 769,7 гектар ер майдонларида қонунбузулиш ҳолатлари аниқланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами 312 та ҳолатда маъмурий қарорлар қабул қилиниб, 94,3 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилган.

Мазкур аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича давлат бошқарув органлари, жисмоний ва юридик шахсларга 134 та огоҳлантириш хатлари, 16 та кўрсатма, 11 та тақдимнома киритилган, 83 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳужжатлар қонуний кўриб чиқишлик учун судларга ва 1 та ҳолатда вилоят прокуратурасига юборилди.

Бундан ташқари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида ерларни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариш қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, “Атхам Абдумўмин” МЧЖ раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 1,5 гектар ер майдонни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига йўл қўйилган. Бунинг натижасида, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилганлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар миқдорини қоплаш тўғрисидаги 1024-сонли қарори асосида ҳисобланганда 779,6 миллион сўм миқдорида давлатга зарар етказилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Сайхунобод туман маъмурий судига юборилган.

Айтиш жоизки, соҳа мутахассислари томонидан ерга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш бўйича жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш анъанага айланди. Натижада аҳолининг ер ресурсларига бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Энг муҳими, деҳқон ва фермер хўжаликларида ердан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга бўлган масъулияти янада ошди.

Бу борада "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мунтазам равишда тизимли назорат мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.

 

 

Text to speech