Ру Ўз O`z En

Қорақалпоғистон Республикаси: Уруғлик пахта хом-ашёсини етиштириш соҳасида олиб борилаётган назорат тадбирлари таҳлил қилинди

18 Октябрь 2021 1995

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, уруғнинг сифати етиштирилаётган ҳосилнинг салмоғини белгилашда муҳим омил эканлигини кўрсатмоқда ва экиладиган уруғликнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3683-сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 733-сонли қарорлари қабул қилиниб, уруғчилик соҳасини ривожлантириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан Инспекцияга берилган ваколатлардан келиб чиқиб, уруғлик пахта хомашёси етиштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш мақсадида ўтказилган танловларга 455 та хўжалик субъектларидан аризалар қабул қилинган бўлиб, шундан 337 нафар субъектлар танлов ғолиби- деб топилган. Танловларни ўтказиш жараёнида олиб борилган назорат тадбирлари давомида даъвогарлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар намуналари ўрганилганда 27 та фермер хўжаликларининг 42 та ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги, 127 та ҳолатда баҳолаш мезонларига амал қилинмаганлиги, 134 та ҳолатда баллар нотўғри ҳисобланиш ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек. 2 та туманда (Тўрткўл, Кегейли) танловларнинг белгиланган муддатларда ўтказилмаганлиги аниқланиб, келиб чиқаётган қонунбузилишлар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш юзасидан 7 та тақдимномалар, 4 та ёзма кўрсатма, 1 та огоҳлантириш берилган. Бундан ташқари 1 та ҳолатда (Амударёда) аниқланган қонунбузилишлари юзасидан тўпланган материаллар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига уруғлик чигит етказиб беришда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши борасида олиб борилган назорат тадбирлари давомида 12 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди. Хусусан, чигит тарқатиш шаҳобчаларига чиқарилган уруғлик чигитни сақлаш қоидаларига амал қилинмаслиги бўйича Тўрткўл туманида 6 та, Қўнғирот туманида 3 та, Чимбой туманида 2 та ҳолатда қонунбузилиш аниқланиб, масъулларга нисбатан маъмурий қарорлар расмийлаштирилди ва қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Шу билан бирга, келгуси йил ҳосили учун сифатли уруғлик фондини яратиш мақсадида танловдан ўтган 330 нафар хўжаликларнинг 12,5 минг гектар уруғлик пахта майдонларини апробациядан ўтказиш ишлари хам назоратга олиниб, тегишли таъсир чоралари кўриб борилди.

Хусусан, 327 нафар хўжаликларнинг 11 минг гектар майдони уруғлик териш учун яроқли деб топилган бўлса, 260 нафар хўжаликларнинг 1470 гектар майдони қисман яроқсиз қилинди. Бунинг натижасида, навдорлиги паст бўлган 13 гектар, ривожи паст бўлган 407 гектар, чанқатиб юборилган 404 гектар ва турли агротехник тадбирлар бажарилмаган 647 гектар майдонлардан 2,1 минг тонна сифатсиз уруғлик пахта терилишининг олди олинди. Шунингдек, апробация жараёнларида қонунбузилишининг олди олиниши ва бунга шарт шароит яратиб бераётган ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 5 та (Тахиатош ва Шуманай) огоҳлантириш ва 8 та ёзма кўрсатмалар киритилди.

Бугунги кунда, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритиб келаётган 9 та пахта-тўқимачилик кластерларига қарашли пахта қабул қилиш масканларида ғўзанинг 5 та селекцион навидан 13594 тонна миқдорида уруғлик пахта қабул қилинди. Қабул қилинган уруғлик пахта хомашёсининг 4281 тоннаси С-4727 навига, 1292 тоннаси, Чимбой-5018 навига, 7439 тоннаси Султон навига, 378 тоннаси Манғит-1 навига ва 204 тоннаси истиқболли ва янги навларга тўғри келади.

Бундан ташқари, келгуси йилларда уруғлик чигитга бўлган талабни қондириб бориш мақсадида Тўрткўл, Амударё, Чимбой, Элликқалъа туманларидаги элита уруғчилик хўжаликлари томонидан Республиканинг асосий майдонларида экиб келинаётган ғўза навларининг элита ва бирламчи уруғлик материалларидан 215 тонна жамғарилиб, сақланмоқда.   

Ҳозирда пахта-тўқимачилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликларида етиштирилган уруғлик пахта хомашёсининг ғарамларга жамғарилиши, сақланиши ва профилактик тадбирларнинг бажарилиши назорат қилиб борилмоқда.

Албатта, соҳада бу каби назорат тадбирларнинг адолатли ўтказилиши келгуси йил ҳосили тақдирини белгиловчи сифатли уруғлик фондини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштириш, аввало, деҳқон-фермерлар томонидан заҳматли ва машаққатли меҳнат эвазига яратиладиган ҳосилнинг қиймати қадаладиган уруғга боғлиқ.

 Н.Исмаилов– Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи,

М.Курбанбаев- Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи,

т.Аскаров- Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими катта инспектори.

Text to speech