Ру Ўз O`z En

Республикада чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси - назоратда

24 Май 2022 1603

Республикада сўнги 5-7 йиллик - чорвачилик тармоқларини жадал ривожланиш даври бўлди - десак муболаға бўлмайди. Шу давр мобайнида соҳанинг мустаҳкам қонунчилик базаси шаклланиб, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди.

Хусусан, чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича бир қатор қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ чорвачилик субъектлари томонидан етиштирилган 1 литр сут учун 400 сўм, тирик вазнда етиштирилган йирик ва майда шохли молларнинг 1 кг. гўшти учун 4 000 сўм, 1 кг. парранда гўшти учун 2 500 сўм, 1 дона парранда тухуми учун 50 сўм ҳамда балиқчилик хўжаликлари томонидан етиштирилган лосось, форель, осётр зотли балиқларининг 1 кг. учун 3 000 сўм ва бошқа зот балиқларнинг 1 кг. учун 1 000 сўмдан субсидиялар ажратилиб, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, уларнинг манфаатдорлиги ошиб бормоқда.

Мисол учун, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Республикада фаолият кўрсатаётган 918 та субъектлар томонидан етиштирилган чорвачилик маҳсулотлари учун жами 140 млрд. 713 млн. 600 минг сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ажратилган.

Бундан ташқари, чорвачилик тармоқларида селекция наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш ва уни такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги қонуни соҳанинг ривожи учун муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, мазкур қонунининг 1-моддасида чорвачиликда наслчиликнинг асосий вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 18-моддасида эса - наслчилик соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Бугунги кунда, "Ўзагроинспекция" нинг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш йўналишида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг Оҳангарон бўлими билан ҳамкорликда наслчилик соҳасида кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши бўйича ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, Оҳангарон шароитида жайдари зотли қўйларнинг янги типини яратиш ва ярим майин жун берувчи гўштдор-сержун қўйларнинг генофондини сақлаш ва кўпайтириш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш бўйича амалий лойиҳалар бажарилди.

Ушбу лойиҳа иш режасига асосан, гўшт-ёғ йўналишидиги жайдари зотли қўйларнинг янги Ақчасойтипи яратилди ҳамда гўштдор-сержун қўйларнинг генофонди сақланиб, кўпайтирилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 1 апрелдагиПФ-6198-сонли Фармонига асосан Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан “Жайдари” ва “Меринос” зотли қўйлар ҳамда Ангор зотли эчкиларнинг сермаҳсул генотипларини яратиш, гўштдор ва жундор қўйларнинг генофондини сақлаш ва кўпайтириш бўйича 2021 йил 24 ноябрда Россия Федерациясининг Доғистон Республикасидан “меринос” зотли наслли қўчқорлардан 50 бош ва совлиқ қўйлардан 120 бош олиб келинди ва улардан бугунги кунда соғлом наслли қўзилар олинмоқда.

Оҳангарон шароитида гўштдор-жундор қўйларнинг генофондини таҳлил қилиш асосида жайдари зотли қўйларнинг сермаҳсул генотипларини яратишнинг селекция усуллари ишлаб чиқилди.

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг Оҳангарон бўлимида Давлат дастурлари асосида жайдари зотли қўйларнинг янги зот гуруҳларини ҳамда гўштдор-сержун қўйларнинг генофонд сурувларини яратиш бўйича наслчилик ишлари белгиланди ва “Ўзагроинспекция” томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил31 мартдаги ПҚ-187-қарорига асосан Ўзбекистоннинг ярим майин жун берадиган қўй зотини яратиш ҳамда зарурий яйлов ва сувли ер майдонларини ажратиш белгиланган.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтига Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ер заҳирасидан илмий-тадқиқот ишлари учун ажратиладиган яйлов ва суғориладиган ер майдонларида амалга ошириладиган ишлар дастури ишлаб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда соҳа олимлари олдида турган энг муҳим асосий вазифалар ва илмий тадқиқот ишларини амалиёт билан кенг қамровли олиб бориш орқали ҳудудларда илм-фан ютуқларини Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматиқ ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатилган ва бу борада чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан жойларда тегишли амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Х.Тиловов, Агроинспекциянинг Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш бошқармаси бош инспектори

Text to speech