Республика аҳолисини чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлароқ қондириш ва сифатли маҳсулотлар билан истеъмол бозорини узлуксиз таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан кейинги йилларда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинаётганлиги хусусан, чорвачилик соҳасининг субсидиялаш тизимлари яратилгани ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Жумладан, 2021 йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида Республика бўйича умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 минг 898 та лойиҳалар амалга оширилди ва бунинг натижасида 21 минг нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шу билан бирга, 2020 йилга нисбатан ўтган йилда қорамоллар бош сони 104 %га, сигирлар 102,4 %га, қўй ва эчкилар 103,4 %га, паррандалар103,3 %га, гўшт етиштириш 104,5 %га, сут ишлаб чиқариш 105,0 %га, тухум етиштириш 103,8 %га, балиқ етиштириш 118,4 %га ва асал етиштириш эса 104,0 %га кўпайган. Жорий йилда ҳам Республикада чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, сифатли ва арзон чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида “Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссия”сининг 2022 йил 1 мартдаги 43-сон йиғилиш баёни билан “Республикада 2022 йилда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, наслчилик ишларини янада такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида”ги дастури қабул қилинди. Ушбу дастурга асосан Республикада 2022 йилда: Қорамоллар бош сонини 104,1 %га, сигирлар 102,5 %га, қўй ва эчкилар бош сонини 103,5 %га, гўшт ишлаб чиқаришни 104,2 %га, сут етиштиришни 105,2 %га етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, чорвачилик йўналишида жами 984 та, шундан, қорамолчиликда 697 та, қўй ва эчкичиликда 262 та, йилқичиликда 18 та ва туячиликда 7 та лойиҳаларни ишга тушириш, шунингдек, жами 2 млн. 400 минг бош қочириш ёшидаги тана ва сигирларни сунъий уруғлантириш ҳамда 3 млн. 120 минг доза наслли буқаларнинг музлатилган уруғларини етказиб берилиши белгиланган. Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция” органлари томонидан Дастурда белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ижроси таъминланиши устидан доимий назорат ўрнатилган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида соҳа инспекторлари томонидан жами 15 минг 448 та мониторинг - назорат тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда жами 13 минг 11 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 785 та маъмурий қарорлар қабул қилиниб, мансабдор шахсларга нисбатан салкам197 млн. сўмлик жарималар қўлланилди. Шу билан бирга, 521 та тақдимномалар киритилиши таъминланди,7 минг 359 та огоҳномалар ҳамда 11 минг 662 та ижроси мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Шунингдек, 212 та ҳолатда қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар юборилди. Юқоридаги топшириқларни ўз вақтида бажарилиши устидан “Ўзагроинспекция” органлари томонидан ҳозирги вақтда назорат тадбирлари давом этмоқда.
Х.Тиловов, "Ўзагроинспекция" нинг Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бошқармаси бош инспектори