Ру Ўз O`z En

Республикамизда 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш мавсуми бошланди

6 Ноябрь 2020 2704

Экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгор ишларининг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтишмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади.

Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши ҳамда унинг сифати доимо назорат қилиб борилиши лозим бўлади.

Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 октябрдаги “2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини оптимал муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 03/1-668-сонли йиғилиш баёни қарорида, кузги шудгор қилинадиган майдонлар ва ҳудудларда шудгор қилиш муддатлари кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, жорий йилда Республикамизда 1 млн 79 минг 899 гектар майдонда кузги шудгорлаш ўтказилиши режалаштирилиб, Қорақалпоғистон Республикасида 20 ноябрь, Сирдарё вилоятида 25 ноябрь, Навоий вилоятида 28 ноябрь, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида 30 ноябрь, Жиззах вилоятида 3 декабрь, Бухоро вилоятида 5 декабрда якунланиши белгиланди.

2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш мавсумига 5404 дона ҳайдов тракторлари жалб қилиниб, шулардан 3995 донаси юқори унумли ҳайдов тракторларидир.

Бундан ташқари, ушбу баённома қарорида кузги шудгорлаш ишларини ўтказилиши юзасидан, шунингдек шудгорланган майдонларни қабул қилиш гуруҳларини ташкил қилиш ва ҳар бир контурни шудгорлаш отрядлари раҳбаридан сертификат асосида қабул қилиб олиш, шудгорлаш ишларининг сифатли ўтказилиши (саёз, тўлиқ контур ҳосил қилинмаган, дала боши ва охири ҳайдалмаган ва бошқа) ҳамда белгиланган муддатларда якунлаши устидан катъий назорат ўрнатиш, шу билан бирга шудгорлаш ишларини сифатсиз бажарилган ҳолатларда белгиланган тартибда далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш вазифаси "Ўзагроинспекция"га юклатилган.

Бугунги кунда ҳудудларда 2072 та шудгор отрядлари ташкил этилиб, ушбу отрядларга бириктирилган 5404 дона ҳайдов тракторларининг 3924 донаси ёрдамида жорий йилнинг 6 ноябрь ҳолатига Республика бўйича 239 минг 472 гектар майдонларда кузги шудгор қилиш ишлари ўтказилганлиги аниқланди.

Шунингдек, ҳудудларда 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини оптимал муддатларда ва сифатли бажарилиши юзасидан Инспекция томонидан қатъий назорат ўрнатилди.

 

Text to speech