Ру Ўз O`z En

Ромитан туманида баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари шайлиги кўздан кечирилди

9 Февраль 2021 2405

Ромитан туманида баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини техник соз ҳолатга келтириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Ромитан туманидаги “Ромитан Агро Сервис МТП” МЧЖга ҳамда “BCT Agrokompleks МТП” МЧЖ машина трактор паркига ташриф буюришди.

Ишчи гуруҳ аъзоси “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи А.Жаводов вилоятда баҳорги дала ишларида қатнашадиган барча техникалар марказлашган ҳолда таъмирлаётганлиги ҳамда керакли эҳтиёт қисмларнинг сифатига эътибор қаратилиб, қўлбола эҳтиёт қисмлардан фойдаланмаслик, шунингдек, жойларда ишларни ўз вақтида ҳамда сифатли ташкил қилиниши юзасидан бошқарма ва туман инспекторлари томонидан тизимли назорат ўрнатилиб, зарур ҳолларда амалий кўмак берилаётганлиги юзасидан маълумот берди ва йиғилганлар экин мавсумида иштирок этадиган техникалар созлиги ва ҳолатини кўздан кечирдилар.

Учрашув давомида баҳорги агротехник тадбирларни сифатли бажарилиши учун қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳозирданоқ тайёр ҳолатга келтириб қўйиш, уларнинг техник созлигини қайта кўздан кечириш муҳим омил ҳисобланишини, қишлоқ хўжалигида самарадорликнинг юқори бўлиши учун фермер хўжаликлари замонавий ва соз ҳолатдаги техникалар билан ишлашлари зарур эканини таъкидланди.

“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи А.Жаводов туманда техникаларни мавсумга шай ҳолга келтириш юзасидан амалга оширилаётган ишларни бирма-бир сўзлаб, тупроққа ишлов берувчи культиваторларнинг етарлича мавжудлиги, уларнинг таъмирлаш жараёнларида ишчи органларнинг тўлиқ ўрнатилиши ва ерга ишлов бериш жараёнида ҳар бир органнинг вазифалари ҳамда уларни созлаш юзасидан белгиланган меъёрлари ҳақида тавсиялар берди. Шунингдек, ерни намлигини сақлаш бўйича ишлатиладиган тишли бороналарнинг таъмирланиши ҳамда уларнинг сихларининг узунлиги ва тупроққа ишлов бериш бурчагларининг ўрнатилишини тушунтирди.

Тадбир давомида иштирокчилар, мутахассислар томонидан шай ҳолга келтирилган чопиқ тракторлари, культиваторлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг қай даражада сифатли таъмирдан чиқарилганлиги кўздан кечирилиб, эски эҳтиёт қисмларининг янгисига алмаштирилганлиги, носоз ҳолатга келган деталлардаги камчиликлар бартараф этилгани, техникаларнинг юз қисмида бўёқлаш ишларининг амалга оширилгани кабиларга эътибор қаратилди.

Маълумот учун, бугунги кунда туманда 284 та чопиқ трактори, 284 та культиватор, 32 та чигич экиш сеялкаси, 23 та минерал ўғит сепкичлар, 17 та пуркагич, 54 та чизель, 8 та ер текислагичлар, 1404 та тишли борона, 66 та ҳайдов трактори, 23 та дон ўриш комбайнлари мавжуд.

 

 

“Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech