Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан “Маъмурий амалиёт” йўналиши бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси ва ҳуқуқбузарликка оид маълумотлар таҳлилий ўрганилди.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 1 минг 395 та шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди. Шундан 279 та тадбиркорлик субъектларига нисбатан ва 56 та бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган. 1 минг 66 нафар шахсларга нисбатан қўзғатилган 1 минг 116 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бошқарма ва туман бўлимлари томонидан кўриб чиқилди.
Таҳлил натижаларига кўра, 736 нафар шахс сув ва сувдан, 388 нафар шахс ерлардан, 229 нафар шахс қишлоқ хўжалиги ва йўл қурилиш техникаларидан фойдаланишда хатога йўл қўйган. Пахта хом-ашёсини топшириш шартномаларини бажармаганлик ва пахта хом-ашёсини сақлашда давлат стандартларига риоя қилмаганлик ҳолатлари ҳам кўзга ташланди. Бундай ҳолатлар юзасидан 42 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ва улардан давлат ҳисобига 356956 минг сўм миқдорида жарима ундирилади.
Қолаверса, жорий йилнинг ўтган даврида Балиқчи, Бўстон, Избоскан, Марҳамат туманларида уруғчилик соҳасида деярли назорат тадбирлари ўтказилмаган ёки мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида иш кўрилган.
Туманлардаги бўлимлар томонидан жойларга жами 924 та ёзма кўрсатма, 110 та тақдимнома, 4364 та огоҳлантириш хатлари юборилган.
Ўтган ҳисобот ойи давомида бошқарма ва туман бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари бўйича 388 та маъмурий ишлар қўзғатилган бўлсада, ушбу ҳолатлар юзасидан келтирилган зарарларни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритиш амалиётидан фойдаланилмаган. Кўрилаётган изчил чора-тадбирлар кутилган натижани бериши учун ҳамкор ташкилотлар ҳам масъулият ва тезкорлик билан ёндашса, айни муддао бўлар эди.
Фарҳоджон АХУНОВ, “Ўзагроинспекция”, Андижон вилояти бошқармаси Маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори