Жорий йилнинг 11 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилган эди.
Йиғилишдан хулоса қилинган ҳолда Инспекция органлари ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилаб олди. Топшириқларни ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси, туманлар бўлимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Республика ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги қўшма рейд тадбирлари режасига кўра, ҳар ҳафтанинг Пайшанба кунлари қўшма рейд тадбирлари ўтказиш белгиланди.
Шу мақсадда “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Самарқанд шаҳар ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида рейд тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар давомида техникадан фойдаланиш қоидалари бузилиши юзасидан 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Шоҳи Зинда кўчасида ўтказилган назорат тадбири давомида фуқаро Ш.И. бошқарувида бўлган “JCB” русумли экскаватор-юклагич тўхтатиб текширилганда, фуқаро техникани тегишли меъёрий ҳужжатларсиз ва тракторчи-машинист гувоҳномаси бўлмаган ҳолда бошқараётганлиги аниқланди.
Самарқанд шаҳрининг “Галаосиё” маҳалласида ўтказилган назорат тадбирлари давомида Ш.Ш. бошқарувида бўлган “VOLVO 55W-9” русумли экскаватор текширилганда ушбу экскаватор ҳеч бир ҳужжатларсиз бошқараётганлиги аниқланди.
Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг “Галаосиё” ҳудудида ўтказилган назорат тадбирлари давомида фуқаро Н.У. бошқарувида бўлган “New Holland B90B” русумли экскаватор-юклагич, фуқаро Д.Тешаев бошқарувида бўлган “МХ-132W” русумли, фуқаро З.М. бошқарувида бўлган “Robex-140W” русумли экскаватор ҳамда фуқаро У.Бахриев бошқарувида бўлган “3CXS14M2NM” русумли экскаватор-юклагич тўхтатиб текширилганда техникалар ҳеч бир меъёрий ҳужжатларсиз бошқариб келинаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан МЖтКнинг 135-моддаси, 1-қисми билан маъмурий баённома тузилиб, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган январь-февраль ойлари давомида 281 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб шундан 212 та ҳолатда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 16 та ҳолатда ёзма кўрсатма берилган бўлса, 113та ҳуқуқбузарликларга нисбатан инспекция органларининг ваколат доирасида чора қўлланилди, 45 та ҳолат бўйича огоҳлантиришлар берилди. Юқоридаги тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Санжар Қурбонов “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси инспектори