Самарқандлик кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар 2022 йилда ғалладан гектарига 60-70 центнердан ошириб ҳосил етиштириш учун астойдил бел боғлаганлар. Шу мақсадда даставвал ерни “Тўйдириш”га алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунда, ғалла экинларини минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Самарқандда 2022 йил ҳосили учун 94 минг 230 гектар ер майдонига экилган бошоқли дон экинлари учун маҳаллий ўғит жамғариш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ғалла парваришида белгиланган агротехник тадбирлар режасига кўра, ҳар гектар ерга 3 тоннадан жами, 282 минг 690 тонна маҳаллий ўғит жамғариш, ҳар 5 гектарга 1 тадан жами 18 минг 846 та ҳосил хандақлари қазиш режалаштирилган.
Мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.Таъбир жоиз бўлса таъкидлаш лозимки, келгуси йилда ғалладан мўл ҳосил етиштирилиб, деҳқонларимизнинг юзи ёруғ бўлиши мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига боғлиқ.
Аммо, ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ғалла парваришида белгиланган агротехник тадбирларга жиддий эътибор қаратмасдан кўплаб камчиликларга йўл қўяётган фермер хўжаликлари ҳамон учрамоқда.
Хусусан, Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари соҳавий инспекторлари томонидан ўтказилган мониторингда Булунғур туманидаги “Отабек Иброҳим даласи”, “Тонготаров Булунғур боғлари”, Жомбой туманидаги “Озоджон файз ҳосил” ва “Хумоюн файз даласи”, Иштихон туманидаги “Иштихон олтин ерлари”, “Борот Турдиев”, “Илхом далалари” фермер хўжалиги томонидан 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонини шарбат усулида суғориш учун маҳаллий ўғит жамғарилмагани, ҳосил хандак қазиш ишларига киришилмаганлиги, дала атрофи хас-хашакдан тозаланмаганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги сингари салбий ҳолатлар биргина Каттақўрғон туманида 40 дан зиёд, жумладан “Барҳаёт Барно Дурдонаси”, “Машҳурбек”, “Сарвар Нозим Сарвиноз”, “Камчатка қўрғони”, “Хадича Араббой” фермер хўжаликлари, Нуробод туманидаги “Сардоржон Улус ғаллазори”, “Гулямов плус” МЧЖ, Оқдарё тумани “Миёнқалъа юлдузчаси”, “Ниёз саҳовати”, “Оқдарё Одилжон даласи”, “Оқдарё Одилжон даласи” фермер хўжаликларида ҳам аниқланди.
Бундан ташқари, ғаллани қаровсиз аҳволга ташлаб қўйиб, белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармасдан келаётган, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманларининг ҳар бирида ҳам 25-30 нафар фермер хўжаликларида ғаллани аҳволини тубдан яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шу мақсадда, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғалла парваришида белгиланган агротехник тадбирларни муддатидан кечиктириб, сифатсиз ўтказган ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига Инспекциянинг ваколати доирасида тегишли огоҳлантиришлар, бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди ва доимий назоратга олинди.
“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати