Ру Ўз O`z En

Самарқанд: ғаллла парваришида камчиликларга йўл қўйилиши ортидан 26 та маъмурий чоралар кўрилди

30 Декабрь 2021 1408

Вилоятда 2022 йил ҳосили учун 94 минг 230 гектар майдонда ғалла парвариш қилинмоқда. Бугунги кунда ғаллани парваришлаш учун гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш, ҳар 5 гектарга 1 тадан ҳосил хандақлари қазиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ғаллани пайҳондан сақлаш ва бошқа агротехник тадбирларни ўтказиш белгилаб олинган.

Жорий йилнинг 28 декабрь ҳолатига ғалла майдонларига 200 минг тоннага яқин маҳаллий ўғит жамғарилиб, 12 минг тага яқин ҳосил хандақлари қазилди. Пастдарғом туманида 32 минг, Пайариқ туманида 15 минг, Каттақўрғон туманида 18 минг, Жомбой туманида 17 минг, Оқдарё туманида 16 минг ҳамда Иштихонда 15 минг тонна маҳаллий ўғит ғалла майдонларига чиқарилди.

Ғалла парваришида бугунги кунда ўтказилаётган барча агротехник тадбирлар “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан доимий назоратга олинган.

Ўтказилган 1 минг 52 та назорат тадбирлари давомида, 532 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Мазкур ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича 445 та фермер хўжалиги раҳбарлари огоҳлантирилди, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 5 та тақдимномалар киритилиб, 56 та қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда ғалла парваришида қўпол хато-камчиликларга йўл қўйган фермер хўжаликларига нисбатан 26 та маъмурий чоралар қўлланилди.

Вилоятда мазкур агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилиб, бошоқли дон экинларидан ҳар гектар ҳисобига 60-70 центнердан ҳосил йиғиштириб олиш режалаштирилмоқда. Бу дастурхонимиз нонга, омборларимиз донга тўлади, деганидир.

Адилжон Арзиқулов, “Ўзагроинспекция” Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори

 

Text to speech