Ру Ўз O`z En

Самарқанд: Кузги шудгорлаш ишлари юзасидан мониторинг ўтказилди

9 Ноябрь 2021 1582

Йилнинг тўрт фаслида ҳам бободеҳқон учун иш топилади. Жорий йилда етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириб олган деҳқонларимиз келгуси йил ҳосили ташвиши билан яшашмоқда.

Айни кунларда Самарқанд вилоятида кузги шудгорлаш ишлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Самарқанд вилоятида 2022 йил ҳосили учун 117 минг гектар, шундан Пастдарғом туманида 19 минг, Пайариқ туманида 15,4 минг, Каттақўрғон туманида 15 минг, Нарпайда 13,5 минг, Оқдарё туманида 9,4 минг гектар ер майдонида кузги шудгорлаш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, мавсумга 542 дона ҳайдов тракторлари жалб қилинган.

Мавсумга мавжуд ҳайдов тракторларини тўлиқ сафарбар этган ҳолда, бир кунда 2,4 минг гектар, мавсум бошидан буён 19 минг гектар майдонлар сифатли шудгорланди.

Кузги шудгорлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 1 минг 330 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарининг 38,3 минг гектар ер майдонларида мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 82 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарининг 574 гектар шудгорланган майдони сертификат асосида қабул қилинмаганлиги, 1 минг 193 та қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 14,2 минг гектар ер майдонида такрорий экинлар йиғиштириб олинган бўлсада, шудгорлаш ишлари бугунги кунда ҳам кечиктирилаётганлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан, кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан 311 та огоҳлантиришлар берилди,-дейди “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Адилжон Арзиқулов.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимларининг асосий вазифаси, кузги шудгорлаш ишларини белгиланган муддатларда, сифатли тугатилиши юзасидан кунлик мониторинг тадбирлари ўтказиш, йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қонуний чора кўришдан иборат.

Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech