Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан, Ҳукуматнинг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан жами 1 минг 434 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 522 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 31 та ёзма кўрсатма, тегишли тармоқлар раҳбарларига 5 та тақдимнома киритилди. Соҳавий инспекторлар томонидан 473 та маъмурий ишлар бўйича 104 млн 528 минг сўмлик қарорлар қабул қилиниб, 87 млн 643 минг сўмлик маблағ ундирилди.
Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимларининг техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш юзасидан тизимли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Эътиборли жиҳати, ўтказилаётган мониторинг тадбирлари давомида айрим фуқаролар томонидан техникалардан фойдаланишда турли қонунбузилиши ҳолатлари аниқланмоқда.
Хусусан, Оқдарё туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида, туманнинг “Янгиқўрғон” ММТП ҳудудида икки нафарлар ўзларига тегишли бўлган МТЗ-80 русумли тракторларни техник ҳужжатларсиз бошқараётганлиги, Ҳожи қишлоғида яшовчи фуқаро Ш. А. ўзига тегишли бўлган МТЗ-80 русумли тракторни йиллик мажбурий техник кўрикдан ўтказмасдан ва техника хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.
Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-39-халқаро автомагистралда ҳаракатланаётган Иштихон туманида жойлашган "Орзиқул" фермер хўжалигига тегишли “Клаас Доминатор-130” русумли ғалла ўриш комбайни мониторинг тарзида ўрганилганда техникага тегишли ҳужжатлар эски типда эканлиги аниқланди ва янги типдаги пластик ID картага алмаштириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Инспекциянинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган назорат мониторинг тадбири давомида туманнинг М.Султонов ММТП ҳудудида ҳаракатланиб келаётган техника кўздан кечирилганда ҳайдовчи техникани техник носоз ҳолда бошқариб келаётгани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан механизаторга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Маълумот ўрнида: Самарқанд вилоятида бугунги кунда 27 минг 150 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари рўйхатга олинган.
Санжар Қурбонов, Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси инспектори