Ру Ўз O`z En

Самарқандда 10 минг гектар ер майдонларида картошканинг серҳосил навлари етиштирилмоқда

30 Ноябрь 2020 2450

Халқимизнинг кўпни кўрган, катта ёшли вакиллари картошкани “иккинчи нон”,- дея таърифлашлари бежиз эмас. Сабаби, кундалик ҳаётда ҳам, рўзғорда ҳам талаб юқори бўлган картошка оилавий эҳтиёжлар учун нондан сўнг энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири саналади.

Сўнгги йилларда, Юртбоши ва ҳукуматимиз томонидан картошкачиликни ривожлантириш, унинг иқлимбоп ва серҳосил навларини маҳаллийлаштириш юзасидан истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4704-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам инспекция ходимлари томонидан кенг қамровли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда вилоятда 9 минг 414 гектар ер майдонларига картошканинг “Пекас”, “Гала”, “Фонтане”, “Эвольюшн” ва “Аризона” сингари R1 авлодга мансуб навлари экилган бўлиб, 131 минг 557 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олиш кўзда тутилган

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2019 йил 4 октябрда тасдиқланган “Картошка уруғлик майдонларида апробация ўтказишга оид услубий қўлланма”си асосида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг давлат реестрига киритилган картошка экинлари навлари ва дурагайлари экилган майдонлар, инспекциянинг туман бўлимлари томонидан назорат қилиб борилди.

Жумладан, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва унинг ҳузуридаги "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" Давлат унитар корхонаси ходимлари ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари мутахассислари билан биргаликда картошка экилган майдонлар апробациядан ўтказилди.

Шунингдек, Апробация натижаларига кўра 801 гектар майдонларда етиштирилаётган уруғлик картошкалар яроқли деб топилиб, ушбу майдонлардан 11 минг 150 тонна уруғлик картошка жамғарилиши режалаштирилди, - дейди Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими бош инспектори Хушнуд Нурбеков.

Маълумот ўрнида: 2020 йилда Булунғур туманидаги 15 та агрофирмалар ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан 2 минг 201 гектарга картошка экилган бўлиб, 44 минг 20 тонна ҳосил йиғиштириб олинди. Шунингдек, 2021 йил ҳосили учун 4 минг 572 тонна уруғлик картошка жамғарилди.

Самарқанд туманидаги 304 та фермер хўжаликлари томонидан 356 гектар ер майдонларига экилган картошкалардан 3 минг 916 тонна картошка етиштирилди.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech