Ру Ўз O`z En

Самарқандда ғўзанинг эртапишар ва серҳосил навидан ерга уруғ қадалмоқда

6 Апрель 2022 1703

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан Инспекция фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ваколатлар доирасида ўз фаолиятларини амалга ошириб келмоқдалар.

Жумладан, вилоятда 2022 йил ҳосили учун 75 минг 356 гектар майдонга тупроқ-иқлим шароитига мос, эртапишар ғўза навларини экиш мақсадида баҳорги агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш бўйича инспекциянинг соҳавий инспекторлари томонидан мунтазам назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Жорий йил қишлоқ хўжалиги мавсумида самарқандлик деҳқонлар ғўзанинг Бухоро-102, С-8286, Омад, Султон, Порлоқ-1 сингари маҳаллий иқлим шароитига мос, эртапишар навларини экишни режалаштиришган. Шу мақсадда 159 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари ташкил этилди. Мавсум давомида 433 та ҳайдов тракторлари, 1612 та чопиқ тракторлари, 10 минг 850 дона тишли борона, 319 та чизел, 150 дона ер текислагич, 962 та чигит экиш сеялкалари, шундан 199 дона юқори унумдор сеялкалардан самарали фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил чигит экиш мавсумида минерал ўғит ташиш учун  879 дона ва ёқилғи мойлаш материалларни етказиб берадиган 116 дона кўчма агрегатлар фаол иштирок этмоқда.

Пахтадан мўл ҳосил етиштириш мақсадида сифатли уруғлик чигит тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги кунга қадар 5 минг 671 тонна уруғлик чигит тайёрланди.

Хусусан, ”Каттақўрғон кластер” МЧЖ томонидан 274 тонна,”Мароқанд сифат телкстиль” МЧЖ томонидан 1882 тонна, “AMINA GOLD INVEST” МЧЖ томонидан  362 тонна, “Самарқанд камалак инвест” 1192 тонна, “Афросиёб ЖЕНС” МЧЖ томонидан 429 тонна, “Пахтачи кластер” МЧЖ ва “Пайариқ кластер” МЧЖ лар томонидан 739 тонна уруғлик чигит тайёрланиб, фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Экиш мавсумини қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш мақсадида уруғлик чигитлар касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий воситалар билан дориланган ҳолда тайёрланди. Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан 65 та чигит тарқатиш шахобчалари мавсумга шай ҳолатга келтирилди. 2022 йил ҳосили учун чигит экиш мавсумига пухта замин ҳозирлаш борасида 915 та чигит ивитиш хандақлари, 966 та тагликлар, 304 та махсус идишлар, 124 та тарози ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан баҳорги агротехник тадбирларга тайёргарлик ишлари, мавсум давомида иштирок этадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, тегишли сертификатлар берилган.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, вилоятда 2022 йил пахта ҳосили учун жорий йилнинг 4 апрель ҳолатига кўра 41 минг 778  гектар ер майдони чигит экишга тайёрланган бўлиб, бир кунда ўртача 9 минг гектардан ортиқ ер сифатли тарзда чигит экишга ҳозирлаб бориляпти.

Шунингдек, бугунги кунга қадар 22 минг гектардан ортиқ ер майдонига чигит экилган бўлиб, бир кунда ўртача 8 минг гектардан зиёд ер майдонига барака уруғи экилиб, деҳқонларимиз томонидан мўл ҳосил етиштириш учун  пухта замин кўрилган.

 Даврон Ачилов,  “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи

Text to speech