Ру Ўз O`z En

Самарқандда жорий йилда 82 минг гектардан ортиқ ерга такрорий экинлар экилади

25 Март 2022 1648

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Брифинг ўтказилди.

Унда бошқарма бошлиғи Д.Ачилов Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда иккиламчи экинларни жойлаштириш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар мавзуда маълумот берди.

-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан, Инспекция фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, агросаноат тизимида қонунчилик ижроси юзасидан жиддий назорат ўрнатилган.

Хусусан, ички бозор ва аҳоли эҳтиёжини тўлақонли қондириш мақсадида, қишлоқ хўжалиги ва озиқ - овқат маҳсулотлари етиштирилиши юзасидан агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда,-деди бошқарма бошлиғи.

Шу мақсадда, сувли майдонларнинг катта қисмида қиш-қировли кунлар келгунига қадар яна бир маротаба мос экин турларини экиб, ҳосил олиш имконияти мавжуд.  Бу айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликларининг даромади ва молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш,  тупроқ унумдорлигини ошириш, аҳолининг фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва энг асосийси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мўл-кўллигига эришиш, аҳолининг сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ҳамда экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда такрорий экинлар экиш билан боғлиқ ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан вилоятимизда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экишнинг прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилган.

Унга кўра, жорий йилда вилоятда ғалладан бўшайдиган 80 минг 745 гектар ва эртаки экинлардан бўшайдиган 1 минг 315 гектар, жами 82 минг 60 гектар майдонларга такрорий экинлар экилиши режалаштирилган.

Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда иккиламчи экинларни жойлаштириш эвазига 82 минг 60 гектар майдондан гектарига ўртача 199 центнердан жами 76 минг 853 тонна сабзавот, гектарига ўртача 216 центнердан жами 217 минг 190 тонна картошка, гектарига ўртача   13 центнердан жами 43 минг 712 тонна  дуккакли дон маҳсулотлари, гектарига ўртача 364 центнердан жами 1 млн 301 минг 732 тонна чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари етиштирилиши режалаштирилган.

Табиийки, ғалладан ва эртаки экинлардан бўшайдиган майдонларда такрорий экин сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун уруғлик, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материаллари лозим бўлади.

Вилоят туманларида ғалладан ва эртаки экинлардан бўшайдиган 82 минг 59 гектар ер майдонда такрорий экинлар экиш учун ер тайёрлаш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш мақсадида 542 дона (шундан, 244 дона юқори унумли ва 298 дона оддий) ҳайдов тракторлари,   142 та дала бошида техникаларни ёқилғи билан таъминлаш агрегатлари,  194 дона ер текислагичлар, 415 дона чизел ҳамда  11015 дона тишли бороналар қатнашиши белгиланди.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан агросаноат тизимида қонунчилик ижроси юзасидан тизимли мониторинг-назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Шу мақсадда, 2022 йилнинг январь-февраль ойлари давомида 1322 марта назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 767 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 390 та жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган бўлиб, 38 та ҳолатда давлат идоралари ва фермер хўжаликларига тақдимномалар киритилди, 333 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда 6 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судларга юборилди.

Шунингдек, ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга иқлим шароитига мос, эртапишар ҳамда экспортбоп қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш юзасидан тизимли назорат ўрнатилган.

Кластер корхоналари, фермер хўжаликлари ва  бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан такрорий қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ майдонларда экилиши, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда хизматлар сифатли кўрсатилиши юзасидан кунлик таҳлил ўтказилмоқда.

Булардан кўзланган асосий мақсад, аҳоли эҳтиёжи ва ички бозор талабини тўлақонли қондириш билан бирга экспортбоп маҳсулотлар етишитириш эвазига вилоятимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборат.

 

Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech