Ру Ўз O`z En

Самарқандда кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг 18 нафарига нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди

6 Ноябрь 2020 2226

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сонли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилоятида 2021 йил ҳосили учун 138 минг 830 гектар ерга бошоқли дон экинлари экилмоқда. Об-ҳавонинг қулай кунларидан самарали фойдаланаётган деҳқонлар мавсумни агротехника тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда, уюшқоқлик билан сифатли амалга оширилмоқда. Мазкур агротехник тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси томонидан мониторинг-таҳлиллар ўтказилмоқда.

Аммо, ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида кузнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланган ҳолда ерга уруғ қадаш, экилган ғалла парвариши билан боғлиқ ўта муҳим агротехник тадбирлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Маъмурий ишлар бўйича Пастдарғом тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида, Инспекциянинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлиси давомида ғалла экиш бўйича агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаган, ижарага берилган ер майдонидан самарали фойдаланмаган, ғалла экишни ўз вақтида ва сифатли тарзда амалга оширмасдан ҳокимият вакилларининг қонуний талабларини бажармаган 14 нафар кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг ҳатти - ҳаракатига нисбатан қонуний баҳо берилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 198 моддаси 1-қисми ҳамда 74 моддаси 2-қисмига асосан, маъмурий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, Инспекциянинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар юзасидан Каттақўрғон туман маъмурий суди томонидан сайёр суд жараёни ўтказилди.

Унда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8-сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сонли, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил 12 сентябрдаги 141-Қ-сонли қарорларига асосан, ижарага берилган ерларга ғалла экиш ҳамда агротехник тадбирларни бажармаган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларининг 4 нафари ҳатти-ҳаракатига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларини бажармасдан кузги бошоқли дон экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширмаган, ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўтказмаган 4 нафар фермер хўжалиги раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 198 моддаси 1-қисми ва 74 моддаси 2-қисмига асосан, маъмурий жазо чораси қўлланилди.

Ота боболаримиз бежизга кузнинг бир куни йилни боқади,-дейишмаган. Шу боис, қуёшли кунлардан унумли фойдаланган ҳолда, бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш мўл ҳосил етиштириш учун пухта замин саналади.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси

ахборот хизмати

 

Text to speech